Жаҳон | 17:01 / 01.11.2018
15304
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Эронга қарши санкциялари йўлидаги жиддий тўсиқлар маълум қилинди

Фото: Getty Images

Теҳронга қарши санкцияларни жорий қилиш учун белгиланган муддатдан бир ҳафта олдин Американинг Эрон бўйича кампанияси жиддий муаммоларга дуч келмоқда, дея ёзади The New York Times.

Сентябрь ойида АҚШ президенти Доналдь Трамп мамлакатларни Эрондан нефть сотиб олишни қисқартиришга чақирди, шунингдек, 5 ноябрдан бошлаб Теҳронга қарши санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирди.

«Биз барча давлатлардан Эрон режимини яккалатиб қўйиш ҳақида сўраймиз. Бу унинг тажовузкор сиёсати тўхтамагунга қадар давом этиши керак», - деди Трамп БМТда нутқ сўзлаб.

Аммо ҳозирда АҚШнинг Эронга нисбатан саъй-ҳаракатлари йўлида жиддий тўсиқлар бор. Хусусан, Эрон нефтининг энг йирик сотиб олувчилари бўлган Хитой ва Ҳиндистон катта харидларни амалга оширишни давом эттириш ниятида, Туркия ва Россия эса, катта эҳтимол билан, улар каби иш тутади. Буюк Британия, Франция ва Германия Теҳрон билан бизнесни давом эттиришга ваъда берган, дея эслатади нашр.

Шу билан бирга, Саудия Арабистони - АҚШнинг Эронга қарши саъй-ҳаракатларидаги энг муҳим шериги - ўзи санкциялар остида қолиши бўйича таҳдидга дуч келди - бу конгрессда фаол муҳокама қилинаётган савол. Бундан ташқари, Саудия давлати The Washington Post’нинг саудиялик мухолиф журналисти Жамол Қошиқчи подшоҳликнинг Истанбулдаги элчихонаси биносида ўлдирилгач, халқаро ҳамжамият ғазабига дучор бўлди, деб ёзади газета.

Шунга қарамай, экспертларнинг огоҳлантиришича, Америка санкциялари кучга кирган тақдирда ҳам, сотилаётган нефть экспорти Эронга мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун етарли бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон президенти АҚШдан қўрқмаслиги ҳақида маълум қилганди.

Reuters хабарига кўра, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат Қўшма Штатлар томонининг янги санкцияларидан қўрқмаслиги ҳақида маълум қилди. Таъкидланишича, Эрон нефть секторига йўналтирилган Америка томонининг янги санкциялари шу йил 4 ноябрида жорий қилиниши керак. Руҳонийнинг сўзларига кўра, улар Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан адолатсиз муносабати бўйича яна бир мисолга айланади.

Мавзуга оид