Юз йил аввал, 1918 йилнинг 11 ноябрида француз маршали Фердинанд Фошнинг Компьен ўрмонидаги вагон-штабида немис делегацияси раҳбари генерал-майор Детлоф фон Винтерфельд билан сулҳ имзоланганди. Артиллерия қуроллари 101 марта салют беради ва Ғарбда кейинги йигирма йил давомида ўқ узилмайди. Французлар Grande guerre деб атайдиган тўрт йил давом этган Биринчи жаҳон уруши ниҳоясига етади.

Бугун Парижда ўтказиладиган хотира маросимига жаҳоннинг турли давлатлари етакчилари етиб келишди.

© AP Photo

Куннинг иккинчи ярмида жаҳон етакчилари Франция президенти Эммануэль Макрон ташаббуси билан ташкиллаштирилган ва «замонавий дунёда таранглик ошиб бораётганига жавоб бўлиши» кутилаётган Тинчлик форумида иштирок этишди.

Буюк уруш

Назарий жиҳатдан урушнинг барча қатнашчиларига тааллуқли мазкур сана ўтган бир аср давомида фақатгина Франция ва Бельгия учунгина тўлақонли байрам бўлиб қолди. Ўн биринчи ноябрь бу давлатларда ҳамиша дам олиш куни ҳисобланади. Бирлашган Қиролликда эса 11 ноябрга яқин бўлган якшанба куни Хотира куни сифатида нишонланади.

© AP Photo / Francois Mori

Урушнинг қолган қатнашчилари эса бу кунни тантана қилмайди. Айниқса, Австро-Венгрия ва Германия учун нишонлайдиган арзирли нарсанинг ўзи йўқ. Улар 1918 йил ноябрда ўз давлатчиликларидан айрилишган, ғолиблар – французлар эса немислар мағлуб бўлганликларидан йиғлаб аламли кўзёш тўкишлари учун уларнинг фақатгина кўзларини қолдиришга тайёр эди. 
Уларнинг бу мақсадлари амалга ошди. Германия сулҳ шартларига кўра қўшинларини нафақат Франция, Бельгия ва Люксембургдан, балки Эльзас ва Лотарингиядан ҳамда Рейн бўйидан ҳам олиб чиқиб кетиши лозим эди. Иттифоқчиларга ўз флоти, авиацияси ва артиллериясини беришдан ташқари, Германия ғолибларга беш мингта паровоз ва 150 мингта вагон тайёрлаб беришни зиммасига олганди.  

Францияда Буюк уруш давомида 1 миллион 293 минг аскар ҳалок бўлган – аҳолининг 3,2 фоизи. Иккинчи Жаҳон урушида эса 230 минг ёки аҳолининг 0,6 фоизи. Англияда ҳам шунақа. Буюк уруш 702 минг аскар ёки аҳолининг 1,5 фоизи умрига зомин бўлган. Иккинчи жаҳон уруши эса 286 минг аскар ёки аҳолининг 0,5 фоизи.