Бундан 112 йил аввал, 1914 йил ёзда Европада дунё харитасини ўзгартириб юборган уруш бошланади. Кўп ўтмай уруш Африка ва Осиёнинг бир қисмига тарқалиб, жаҳон урушига айланади. Импералистлар бошлаган уруш оқибатда тўрт йирик империя қулашига олиб келади.

Тарихда жуда кўп урушлар бўлган, лекин Биринчи жаҳон уруши каби дунёнинг оёғини осмондан қилгани топилмайди. Бу чинакам «урушлар онаси» бўлганди. Одамлар орасида кўпроқ муҳокама қилинадиган Иккинчи жаҳон уруши ҳам аслида ана шу Биринчи жаҳон урушининг «чаласи эди». Ва шундай катта қирғинбарот биргина серб йигит отган ўқдан кейин бошланиб кетади.

1914 йил 28 июн куни Босниянинг Сараево шаҳрида Австрия-Венгрия империяси валиаҳди эрцгерцог Франц Фердинан Гаврило Принцип деган серб йигит томонидан отиб ўлдирилади. Бу урушнинг старт тугмаси бўлади, бироқ у пайтда Европа аллақачон урушга тайёрланаётганди. Франц Фердинанд ўлдирилмаганда ҳам, катта эҳтимол бирор баҳона топиб миллионлаб инсонларнинг бошига етган машъум уруш содир бўларди.

Урушдан аввалги вазият

XX аср бошларида Европада атиги 25 та мустақил давлат бор эди. Қитъанинг асосий қисми тўртта империя – Россия, Германия, Австрия-Венгрия ва Усмонийлар империяси таркибига кирарди. Жумладан, Шарқий Европанинг асосий қисмидан ташқари Полша, Финландия ва Болтиқбўйидаги Эстония, Латвия ҳамда Литва Россия таркибида эди.

Болқон яриморолидаги катта ҳудудда турклар, Венгрия, Чехия, Словакия, Руминия ҳамда Полшанинг бир қисмида Австрия ҳукмронлик қиларди. Улар анчадан буён зимдан рақобат қиларди.

Бу рақобат 1871 йилда Германия империя деб эълон қилиниши ортидан бошланади. 1870-1871 йилларда Германия ҳамда Франция ўртасида қисқа муддат давом этган уруш бўлиб ўтади ва унда французлар енгилади. Шундан сўнг ҳар икки давлат ўзига иттифоқчилар қидира бошлайди.

1873 йилда Германия, Австрия-Венгрия ва Россия «Уч император иттифоқи» деб номланган иттифоққа бирлашади. Кўп ўтмай Болқон яриморолида Австрия-Венгрия ва Россия империялари манфаатлари тўқнаш келиб, Россия икки немис давлати билан тузилган иттифоқдан чиқиб кетади.

Шундан сўнг Германия ва Австрия-Венгрия ўз иттифоқига Африкада Франция билан рақобатлашаётган Италияни қўшиб олади. Бу ҳарбий блок «Учлар иттифоқи» деб деб номланади. Кейинчалик улар ёнига Усмонийлар империяси ва Болгария ҳам қўшилади. Франция эса руслар билан музокара бошлаб, 1891 йилда Россия-Франция иттифоқи юзага келади. 1904 йилга келиб уларга Британия қўшилиб, «Антанта» иттифоқи юзага келади.