Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилнинг 12 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги СамМИ клиникасининг ёнидаги очиқ майдонда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.


Ўқув машқида асосий эътибор вилоят ФВДқТ хизматлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг 2018-2019 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва беталофат ўтказишга жалб этиладиган куч ва воситаларнинг тайёргарлик ҳолатини текшириш, аҳоли ва ҳудудларни газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти (кўмир) билан таъминланиши ҳолатини яхшилаш, аҳолига тўғри ва самарали тарқатилиши, улар томонидан фойдаланиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этилишида амалий ва назарий кўникмаларини оширишга қаратилди.


Ўқув машқининг амалий босқичида Самарқанд вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, вилоят ФВБ Қутқарув отряди, ИИБ ЁХБ ва тез тиббий ёрдам бригадаси куч ва воситаларининг юзага келган фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш бўйича амалий ҳаракатлари синовдан ўтказилди.
Жумладан, вилоят ФВБ Қутқарув отряди ва Тез тиббий ёрдам хизмати куч ва воситаларининг аҳоли хонадонида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган заҳарланиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда жабрланганларни қутқариш ишлари намойиш этилди.
Вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали куч ва воситаларининг кўп қаватли уйнинг олд қисмидаги газ тақсимлаш масканида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария ҳолатини бартараф этиш юзасидан амалий ҳаракати синовдан ўтказилди.
«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ куч ва воситаларининг юқори кучланишли подстанцияда электр энергияси узилиши билан боғлиқ аварияни бартараф этишдаги амалий ҳаракатлари кўриб чиқилди.
















