Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг партиядошлари уни ҳокимият тепасидан четлаштириш жараёнини бошлаш учун етарли миқдорда бўлган овозларни қўлга киритди. Бу ҳақда Sky news хабар бермоқда.

Манбалар сўзларига кўра, яқин вақт ичида ишонч вотуми бўйича овоз бериш жараёнининг ўтказилиши эҳтимолга яқин бўлиб турибди. Муҳим масалалар бўйича овоз бериш давомида тартиб-интизомга жавобгар бўлган депутатлар Мэйнинг қароргоҳига чақиртирилган.

Ҳукмрон Консерватив партия уставига мувофиқ, агар парламентарийларнинг камида 15 фоизи (48 киши) ҳукумат раҳбарига ишонч йўқолгани ҳақида мактуб билан чиқишса, ушбу жараён ишга туширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Brexit бўйича келишув режаси эълон қилингани, ўтиш даври муддати маълум бўлгани хабар берилганди.