Жаҳон | 15:39 / 20.11.2018
19652
2 дақиқада ўқилади

Трамп нега «қайноқ нуқталар»га сафар қилмоқчи экани ошкор бўлди

Фото: AP Photo/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трамп аввалроқ ўз маслаҳатчиларига хориждаги жанговар ҳаракатлар ҳудудида бўлган америкалик ҳарбийларни кўриб келмоқчи экани ҳақида айтганди. Бунга уни шу каби ишни ҳали бирон маротаба қилмагани туфайли танқид остига олишаётгани сабаб бўлди, деб ёзмоқда The Washington Post газетаси.

Таъкидланишича, Трамп ўз муддати давомида хориждаги америкалик қўшинларни ҳали бирон марта бориб кўрмагани сабабли ҳарбий ҳамжамиятнинг баъзи аъзолари томонидан танқидга учраган. Бундай сафарлар АҚШ президентлари учун анъанага айланганди.

«Fox News Sunday»га берган интервьюсида Трамп «жуда оғир иш жадвали» ҳақида гапириб, шу туфайли америкалик аскарларни бориб кўра олмаётганини билдирган. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, охир-оқибат қўшинларни барибир кўриб келади. Washington Post маълумотларига кўра, Трампнинг ўзи бошқа сабабларни кўрсатган. Улар орасида-хавфсизлик муаммолари, узоқ сафарлар ва Ироқ ҳамда Афғонистондаги урушлардан норози экани кабилар бор.

Нашрнинг қайд этишича, сўнгги ҳафталарда Трамп ўз маслаҳатчиларига бундай сафар кераклиги ҳақида гапира бошлаган. Бироқ, Трампда айни дамда Ироқ ва Афғонистондаги қўшинларни кўриб келиш бўйича аниқ режалар мавжуд эмас, дея хабар беради Washington Post Америка президентининг баъзи маслаҳатчиларига таянган ҳолда.

Бундан ташқари, Трамп Миннатдорлик куни муносабати билан байрам вақтида қўшинларни кўриб келиши эҳтимоли жуда кам, у байрамни Мар-а-Лагодаги қароргоҳида ўтказади, деб ёзмоқда газета.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Афғонистонга ташриф буюришга ваъда берганди.

Мавзуга оид