Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёда бандлик, уй-жой таъминоти ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги бир қанча масалалар ҳал этилди
Сурхондарёда Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари» шиори остида ёшлар фестиваллари ўтказилди. Фестиваль давомида ёш олимлар, тадбиркорлар, спортчилар, психологлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг масъулларидан иборат 41 нафар тарғиботчи вилоятнинг 13 тумани ва бир шаҳри бўйлаб «Ёшлар поезди» тарғибот акцияларини ўтказиб қайтишди. Ўтган 3 кун мобайнида ёшлар муаммолари чуқур ўрганилиб, ҳар бир масаланинг ҳал этилишига қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди.
20та лойиҳа аниқ режа ва эзгу мақсадли бўлиб, улар кутилган натижани берган.

«Вилоятда 1,5 миллион атрофида ёшлар бор, уларнинг бандлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, мафкуравий таҳдидлар ва ахборот хуружларидан асраш, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уй-жой таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш асосий вазифамиздир. Фестиваль ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлашга кўмакчи бўлди», — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рўзимурод Чориев.
Йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 414 нафар талабага шартнома пулининг 35 фоизи, 11 нафарига эса 50 фоизи тўлаб берилди. 8 минг нафар жисмоний имконияти чекланган ёшлар ногиронлик аравачалари, ўқув қуроллари, кийим-кечаклар билан таъминланди. 17 нафар ёш беморнинг даволаниши учун моддий ва маънавий кўмак берилди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар фестиваль доирасида ҳам амалга оширилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган «Ёшлар фестиваллари»да 22 минг нафардан зиёд ёшлар бир мақсад, яъни «Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари!» шиори билан амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар атрофида бирлашишди. Иштирокчиларнинг барчасида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, иқтидори ва шижоатини сафарбар этган ҳолда жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш истаги бор.

Вилоятда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсияси билан 68 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланиб, 450 нафар ёш ишга жойлашиш бўйича рўйхатга олинди. 115 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, 600 нафардан ортиқ аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Дастурга оид лойиҳалар кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, жисмоний имонияти чекланган ёшлар учун унутилмас учрашувларга бой тарзда ўтди. Айниқса, деновлик Олломурод Мирзаев ҳам бу фестивалдан жуда хурсанд. Сабаби энди унинг доимий қўрғони бор. Фестиваль доирасида деновлик ана шундай 32 нафар ёш оилага «Ёшлар уйлари» тақдим этилди.


«Бугун мен учун бир умр қувонч билан эслайдиган кун. Сабаби, ёшлар ташкилотидаги камтарона фаолиятим давлатимиз томонидан эътироф этилиб, мана шундай файзли хонадон эгаси бўлдик. Ростини айтсам, Президентимизнинг бизга бўлган меҳрларини ифода этгувчи уй соҳиби бўлиш шарафдир. Шунингдек, ушбу уйларнинг бошланғич тўловларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилиши ҳам эндигина оила остонасига қадам қўйган, ўзини ўнглай бошлаган ёш оилалар учун айни муддао. Халқимизда «Ҳовли олма, қўшни ол», деган нақл бор. Ён-атрофимиздаги барча қўшнилар ҳам айнан ёш оилалар эканлиги мени икки карра шод этди», – дейди Олломурод Мирзаев.
Ёшлар бандлигини таъминлаш ҳам даврнинг долзарб муаммосига айланган. Бу борада қилинган амалий ишлар натижасида биргина Шеробод туманидаги «Бўш иш ўринлари» ярмаркаси орқали йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар «Sherobod Textile Invest» ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли Шеробод цемент заводларига 50 нафар ёш ишга жойлашди. 200 нафар аҳоли эса бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

«Иттифоқ қошида ташкил этилган тўгараклар билан танишиб чиқиш жараёида хорижий тилларни ўргатиш тўгарагини ўзим учун белгилаб олдим. Чунки мен инглиз тилини ўрганишга қизиқаман. Ўқувчи дугоналарим билан биргаликда, дарсдан сўнг ушбу тўгаракка қатнамоқчимиз. Тўгаракларнинг бепуллиги бизни янада қувонтирди», – дейди Дилдора Мусаева.

Сариосиё туманида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Бу учрашувда Республика тарғибот гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этишди. Унда Сабрина Рўзиқулова иқтидорли, билимли, фан олимпиадаларида ғолиб бўлган, турли соҳаларда туманимиз ривожига ҳисса қўшаётган ёшлар учун «Ҳоким стипендияси»ни жорий этиш таклифини ўртага ташлади. Ушбу таклиф Сариосиё тумани ҳокими томонидан маъқулланди. Тажрибали психологлар иштирокида Сариосиё тумани чекка қишлоқларидаги ёш оилалар билан психологик суҳбатлар ўтказилди.

Термиз шаҳридаги «Паттакесар» маҳалласида замонавий сунъий қопламали футбол майдончаси ёш, ҳаваскор футболчиларга бир олам қувонч улашди. Ангор туманидаги тарғиботларда 350 нафардан зиёд ёшлар иштирок этиб, акция доирасида бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчи ёшларга қишки кийимлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Музработ туманида «Суд ва ёшлар» учрашуви орқали ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди. Уларга хорижга чиқиш тартиби, меҳнат ҳуқуқлари, миграция соҳасидаги давлат сиёсати, маҳаллий қонунчилик нормалари ҳақида маълумотлар берилди. «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида чоп этилаётган бадиий китоблар тақдимоти ўтказилиб, фаол ёшларга бадиий адабиёт дурдоналари совға қилинди. Тарғиботчилар гуруҳи «Обиҳаёт» маҳалласида барпо этилган кутубхонанинг ўқув заллари, китобхонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Қизириқ туманидаги «Спорт ҳафталиги»да икки минг нафар йигит-қиз футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича мусобақаларда беллашишди. Термиз туманида «Ёшлар поезди» тарғибот акцияси доирасида «Тermiz Cargo centre» МЧЖда ёш тадбиркорлар учун «Бизнес саёҳат» семинари ҳамда «Карвонсарой» мажмуасида маҳорат дарслари ташкил қилинди.
«Сурхондарёда 684 нафар ёш тадбиркорнинг бизнес лойиҳалари тасдиқдан ўтган. Жами 57 миллиард 890 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилгач, вилоятдаги ишсиз ёшлар сони 4 мингтага камаяди. Ҳозирга қадар сурхондарёлик 261 нафар ёш тадбиркор «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси кўмагида ўз тадбиркорлигини бошлаб, 800 нафар ёшнинг бандлиги таъминлади», – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўлим бошлиғи Феруз Аблаёров.

Термиз шаҳридаги 12-сонли «Меҳрибонлик уйи»да таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди. Жарқўрғон туманидаги «Surxon Teks» МЧЖда «Карьера лойиҳаси» бўлиб ўтди. Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида касб-ҳунар коллежида меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.
Бойсун туманидаги 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида «Камалак юлдузлари» танловининг туман босқичи ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида ёшлар томонидан «Иттифоқ ўтови» ҳамда кўргазмалар ташкил этилди.
Қумқўрғон туманидаги 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида «Ижодкор ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Амалий ишлар якунида фестиваллар доирасида яқиндан ёрдам бергани учун 30та ҳамкор ташкилот ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари тақдирланди. Тадбир давомида ёшлар сайллари ҳам ташкил этилиб, жами 3 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди. Вилоят бўйлаб турли хил спорт мусобақалари, «Суд ва ёшлар», «Ҳоким ва ёшлар», «Тадбиркорлар ва ёшлар» учрашувлари, «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари» бўлиб ўтди.
«Бу фестиваль беҳуда учрашув, қуруқ ваъда асосидаги мулоқотлар, фақатгина юқори кайфият улашувчи концерт дастурларидан ҳоли тарзда ўтказилиб, 3 кун давомида халқ ичига кириб бориб, юзма-юз суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммоли ҳолатларни бартараф этишга эришдик», – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Бегмат Очилов.
Мавзуга оид
18:28 / 20.06.2026
Сурхондарёда Александр Федин яратган ўрмонзор "Дендрология боғи"га айлантирилади
09:05 / 17.06.2026
Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди
18:00 / 12.06.2026
Сурхондарёда уч йигит сувга чўкиб ўлди
20:37 / 03.06.2026