2 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Термиз шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлисида Сурхондарё вилояти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтказилган мажлисда Сенат ишчи гуруҳининг парламент назорати доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар вилоятда бажарилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, вилоятда жорий йилнинг I чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 13,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 9,1 фоизга етди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми 4,4 млн сўмни ташкил этди. Иқтисодиёт тармоқларида ижобий динамика кузатилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоизга, бозор хизматлари 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги 9,7 фоизга, қурилиш ишлари эса 10 фоизга ўсди.

Кузатилган иқтисодий фаоллик натижасида 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар) сони 21,5 мингтани ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,7 фоизга ёки 1,7 мингтага кўпайган.
Жорий йилда вилоятда 2 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш режалаштирилган бўлиб, биринчи чоракда 499,1 млн доллар ўзлаштирилди.

Ташқи савдо айланмасида экспорт улуши 53 фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажми 126,4 млн АҚШ долларига еттди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 фоизга ўсди.
Инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 34 млн долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида қарийб 900 та янги иш ўринлари яратилди.

Кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,9 трлн сўм кредит маблағлари йўналтирилди, шундан 869 млрд сўм маблағ тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилди.
Муҳокама жараёнида масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди ҳамда мавжуд камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.












