Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Аблуҳасан “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси доирасида бўлиб ўтган “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчликка сари” тадбирида аёлларга нисбатан ҳурмат ислом динида юқори даражада эканини таъкидлаб, бунга изоҳ берди.

“Биз 15 асрга яқин вақт давомида ислом динини дунёга тараннум этувчи халқ сифатида танилганмиз. Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида гапирганимизда бирмунча уялишимиз керак, чунки ислом дини нозил бўлганидан кейин аёлларга нисбатан ҳурмат юқори даражага кўтарилди. Исломдан аввалги жоҳилия даврида аёллар инсон сифатида тан олинмаган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Нисо”, яъни “Аёллар” сурасини нозил қилганидан кейин энг забардаст халифалардан, яъни иккинчи халифа Ҳазрати Умар (разияллоҳу анҳу) “Аллоҳ таоло “Нисо” сурасини туширмаса, аёлларни умуман эътиборга олмас эканмиз”, деганлар, чунки саҳобалар, айниқса зодагон саҳобалар 5 ёшли қизини тириклайин кўмганини йиғлаб эслашган. Оилада қиз боланинг дунёга келиши ор ҳисобланган. Камбағал оилаларда қиз бола туғилса, унинг пешонасига чўрилик тамғаси босилган, унинг авлодлари ҳам шу тариқа таҳқирланган. Ўша даврларда зодагонлар туғилган кунларига бир-бирига 4-5 нафарлаб қизларни тортиқ қилишган, яъни қиз болалар қандайдир бир буюм сифатида совға қилинган.
Бунинг олдини олиш мақсадида Пайғамбаримиз (с.а.в.) кўплаб ҳадиси шарифларида аёлларни юқорига кўтарганлар. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, “Яхшиликни энг аввало онангга, онангга, онангга ва ундан кейингина отангга қил”, “Уч қиз фарзандни тарбия қилган эркак жаннатийдир”, деб бежиз айтилмайди, уларда катта маъно бор”, - дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари.
Нуриймон Абулҳасаннинг сўзларига кўра, “Нисо” шундай бир сураки, унда аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун барча кўрсатмалар ўз аксини топган. Энг қизиқарли далил шундан иборатки, “Нисо” сурасида “эркаклар” сўзи неча маротаба такрорланган бўлса, “аёллар” сўзи ҳам худди шунча такрорланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу тариқа аёллар билан эркаклар баравар ҳақ-ҳуқуққа эга эканлигига ишора қилган.
Шу ўринда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларидан мисоллар келтирилди:
“Эй инсонлар, аёллар ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Аёллар сизларга Аллоҳнинг омонатидир, уларни Аллоҳ номи билан олдингиз. Улар амри илоҳий ила сизларга ҳалол бўлди. Сизларнинг хотинларингиз устида ҳақларингиз бўлгани каби, хотинларингизнинг ҳам сизларда ҳақлари бор”.














