Президент Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича янги ёндашувларни белгилаб берди.
Давлат раҳбарининг 3 сентябр кунги йиғилишда берган топшириғи асосида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини “ижтимоий реестр”га киритиш тизимини қайта кўриб чиқади.
Бунда аҳоли даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омилларни қамраб оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади.
Республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган бўлса-да, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
“Бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизимни йўлга қўямиз”, – деди президент.
Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.

Меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга “пассив даромад” келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди. Бир ҳафтада ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
“Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.







