Президентнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, талаба хотин-қизларнинг контракт тўловларини маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан қоплаб бериш тартиби белгиланган.
Унга кўра, ҳар йили ҳар бир вилоятдан жами 150 нафар талаба хотин-қизнинг контракт пули тўлаб берилади.
Уларнинг 40 нафари биринчи курсда, 100 нафари эса иккинчи ва ундан юқори курсларда таҳсил олаётган талаба хотин-қизлар бўлиши керак.
Мазкур имтиёздан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган кам таъминланган оилаларнинг қизлари фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талаба қизлар ҳамда вояга етмаган фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган ёки боқувчисини йўқотган аёлларнинг қизлари ҳам контракт тўловини қоплаб бериш учун талабгор бўлиши мумкин.
Бироқ ушбу имконият иккинчи мутахассислик бўйича таълим олаётганларга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ёки хусусий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларнинг контракт тўловлари мазкур тартиб асосида қоплаб берилмайди.







