Жаҳон | 07:51 / 30.11.2018
7771
2 дақиқада ўқилади

Меркелнинг самолёти техник носозлик сабабли ортга қайтарилди. Канцлер G20 саммитининг биринчи кунини ўтказиб юборади

Фото: Global Look Press / dpa / Michael Kappeler

Германия канцлери Ангела Меркель Буэнос-Айресга “Катта йигирматалик” саммитига учаётган вақтда самолёти Кёльнда мажбурий қўндирилди.

“Канцлернинг Airbus “Конрад Аденауэр” самолётидаги техник носозлик сабабли канцлер Ангела Меркель пайшанба куни кечки вақт Берлиндан G20 саммитига парвозини қолдиришга мажбур бўлди”, дейилган хабарда.

Dpa ахборот агентлиги маълумотларига кўра, самолёт ҳавога кўтарилгандан бир соат ўтиб, Нидерландиядан ортга қайтиб, Кёльнда қўнган. 

Фото:EPA

Меркелнинг ўзи нима бўлаётганини дарҳол англамаган. У Германиянинг ўзида нимадир содир бўлди, деб ўйлаган. Маълум қилинишича, Меркель дастлаб носозлик ҳақида борткузатувчиларнинг биридан хабар топган ва воқеа Германиянинг ўзида содир бўлган, деб ўйлаган.

Канцлернинг айтишича, ушбу воқеа ҳукумат лайнерларининг ишончсизлиги ҳақида гапирмайди.

“Ягона ҳолат бутун тизимни ўзгартиришимизга мажбур қилмаслиги керак”, деб айтган канцлер “Ҳукумат лайнерлари билан юз берган бир қатор воқеалардан кейин уларнинг хавфсизлиги ҳақида ўйлаш вақти келмадимикин?” деган саволга жавобан.

Самолёт билан қандай носозлик юз бергани маълум қилинмаган.

Фото: Reuters / Andreas Rinke

Бу Германия ҳукумат лайнерлари билан юз бераётган бундай биринчи нохуш воқеа эмас. 2017 йил февралида мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен Литвага келган ҳарбий-транспорт самолёт бузилиб қолганди. Ўша йилнинг мартида Меркелнинг Қоҳирага рейси техник носозлик сабабли бекор қилинганди.

Таъкидланишича, Меркель Буэнос-Айресга парвозини 30 ноябрь эрталаб давом эттиради. Аргентина ОАВ маълумотларига кўра, шу сабабли канцлер саммитнинг биринчи кунини ўтказиб юборади. 

Маълум қилинишича, Меркель жумага ўтар тунни Кёльндаги меҳмонхонада ўтказиб, сўнгра эрталаб молия вазири Олаф Шольц ва немис делегациясининг қолган аъзолари билан Мадридга жўнайди, у ердан эса мунтазам рейс билан Буэнос-Айресга учиб кетади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид