HADES — High Accuracy Detection and Exploitation System, яъни юқори аниқликда аниқлаш ва ахборотни қайта ишлаш тизими — АҚШ армиясининг ҳаводан разведка қилиш, кузатув олиб бориш ва маълумот тўплаш имкониятларини янгилашга қаратилган дастурдир. Унинг доирасида яратилаётган комплекс турли жанговар муҳитларни қамраб олувчи йирик ҳарбий операцияларни ахборот билан таъминлаши керак.
Самолёт учун асос сифатида замонавий тижорат реактив самолёти платформаси танланган. У эски турбовинтли разведка самолётларига нисбатан тезроқ ва узоқроқ учиш, кўпроқ фойдали юк кўтариш ҳамда баландроқ парвоз қилиш имконини беради. Разведка самолёти учун бу хусусиятлар бортдаги ускуналар ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятли.
Биринчи парвозга тайёргарлик ва уни ўтказиш ишларига АҚШ армиясининг самолётлар бўйича лойиҳа бошқармаси — Fixed Wing Project Office раҳбарлик қилди. Жараёнда дастурнинг саноат ҳамкори Sierra Nevada Corporation компанияси ҳам иштирок этди. Парвоздан олдин ҳаво кемасининг синовларга тайёрлиги текширилган.
Илк парвоз HADES дастурини навбатдаги босқичга олиб чиқди. Бу босқичда самолётга махсус вазифаларни бажарувчи борт тизимларини интеграция қилиш ва тажриба-конструкторлик ишлари доирасида парвоз синовларини ўтказиш кўзда тутилган. Демак, ҳозирча гап тажриба намунасининг биринчи парвози ҳақида кетмоқда, махсус разведка тизимларини ўрнатиш ва синаш эса кейинги ишлар сирасига киради.
Дастурнинг асосий хусусиятларидан бири — узоқ масофалардан разведка олиб боришга устувор аҳамият берилаётганидир. Анъанавий тактик разведка самолётлари, одатда, ҳарбий ҳаракатлар кечаётган нисбатан чекланган ҳудудлар ҳақида маълумот тўплайди. HADES эса анча олисдаги объектларни аниқлаш ва улар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш учун ишлаб чиқилмоқда.
Бунда вазифа фақат кузатув масофасини ошириш билан чекланмайди. Янги комплекс бир вақтнинг ўзида бир нечта жанговар муҳитга оид маълумотлар билан ишлашга мўлжалланган. Бу қўмондонликка алоҳида участкадаги ҳолатнигина эмас, кенгроқ ҳудудда кечаётган жараёнларни ҳам баҳолашда ёрдам бериши кутилмоқда.
Самолёт бортига турли муҳитларда разведка олиб бориш ускуналари, шунингдек, радиоэлектрон разведка — SIGINT тизимларини ўрнатиш режалаштирилган. Улар электромагнит муҳит ҳақида маълумот йиғиш ва уни таҳлил қилиш имконини бериши керак. Комплекс бошқа манбалардан олинадиган ахборотдан фойдаланишни ҳам назарда тутади.












