Жамият | 15:38 / 09.12.2018
15072
10 дақиқада ўқилади

Тадбиркор-фермер Хива тумани ҳокимлиги билан уч йилдан бери «курашмоқда» - боғ унга қайтариладими?

1992-2002 йилларда Россиянинг РТР телеканали Американинг «Санта Барбара» сериалини намойиш қилганди. Дунёдаги энг узун сериаллардан бири ҳисобланган бу драмани ўзбекистонликлар ҳам томоша қилишганди. Телефильм тафсилотларининг бу мақоламизга алоқаси йўқ, аммо унинг узунлиги, яъни 2137 сериядан иборат экани қайсидир маънода воқеалар мазмунига мос келади.

Бу мақолада тадбиркор-фермернинг Хива тумани ҳокимлиги билан «кураши» ҳақидаги «ғаройиб» тафсилотлар билан танишамиз.

Хива тумани Ирдимзон қишлоғидаги «Раҳмонбек» фермер хўжалигига туман ҳокимининг 2008 йил 30 октябрдаги 805-сонли қарори билан мевали боғ барпо қилиши учун 3,1 гектар ер майдони ажратиб берилади. Унинг раҳбари Шуҳрат Рахманов турли хилдаги 760 дона мевали кўчатларни экиб чиқади. Моҳир агрономнинг меҳнатлари зое кетмайди ва бу дарахтлар 2011 йилда мева бера бошлайди. Шундан сўнг, «Раҳмонбек» фермер хўжалиги туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан белгиланган ҳўл мева ва пилла режаларини мунтазам равишда бажариб келган.

2014 йил ноябрь ойида шу фермер хўжалиги ишчиси ва Шуҳрат Рахмановнинг укаси Раҳмон Рахманов яширин равишда, гўёки фермер хўжалиги раҳбари ва аъзолари ўртасида йиғилиш ўтказиб, акасини раҳбар лавозимидан озод қилиб, ўзини фермер хўжалиги раҳбари этиб тайинлангани тўғрисида баённома расмийлаштириб, бу ҳужжатларни туман ҳокимлигига топширган. Натижада, 2014 йил 17 декабрда туман ҳокимининг 2192-сонли қарори чиқарилган ва Раҳмон Рахманов «Раҳмонбек» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб олган.

Қизиғи шундаки, укасининг бу ишини Шуҳрат Рахманов сезмай қолган. 2016 йил баҳорида унинг ерига бошқа фермер хўжалиги раҳбари келиб, боғ ўзиники бўлганини даъво қилади ва бу ҳақдаги Хива тумани ҳокимининг қарорини кўрсатади. Шуҳрат Рахманов эса Хива тумани ҳокимлигига бориб, бу тўғрида маълумот талаб қилади. Шунда, Хива тумани ҳокимлиги 2016 йил февраль ойида, 491-сонли қарор асосида, 3 гектар боғ «Раҳимберган ҳожи Анбар» фермер хўжалигига берилгани тўғрисидаги қарорни тақдим қилади.

Шундан сўнг, Шуҳрат Рахманов укаси Қудрат Рахманов билан биргаликда Раҳмон Рахмановнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан туман прокуратурасига мурожаат қилади. ИИБ томонидан ўтказилган экспертиза натижасида, Раҳмон Рахмановнинг ҳаракатлари ноқонуний экани, йиғилиш баённомалари ва уларга қўйилган имзолар қалбаки экани аниқланади.

ИИБ қарорига асосан, Хоразм вилояти прокуратураси 2018 йил март ойида Хива тумани ҳокимининг 2014 йил 17 декабрдаги 2192-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида протест киритади.

Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра, ноқонуний қабул қилинган қарор бекор қилинганида, унга асосланган ҳолда чиқарилган кейинги қарорларнинг барчаси бекор бўлиши шарт.

«Раҳмонбек» фермер хўжалиги Раҳмон Рахмановнинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида ўзлаштириб олингани аниқланди, қонун бузилгани ўз исботини топди. Демак, 2014 йил 17 декабрь ойида туман ҳокимининг 2192-сонли қарори ва шу боғ билан боғлиқ бўлган кейинги барча қарорлар ўз кучини йўқотади. Натижада, 2008 йил 30 октябрдаги 805-сонли қарор тикланиши, яъни 3,1 гектар ер «Раҳмонбек» фермер хўжалигининг қонуний раҳбари Шуҳрат Рахмановга қайтарилиши шарт эди.

2018 йил 28 апрелда Хива тумани ҳокимлиги 1077-сонли қарор билан 2014 йил 17 декабрдаги 2192-сонли ўз қарорини бекор қилади. Бу қонунан олиб қаралганда энг тўғри йўл эди.

Аммо, 3,1 гектар ерда Шуҳрат Рахманов меҳнати билан барпо қилинган боғ эгасига қайтарилмади.

Орадан 10 кун ўтгач, 2018 йил 7 май куни Хива тумани ҳокими 2008 йил 30 октябрдаги 805-сонли қарори бекор қилингани ҳақидаги янги қарорни чиқарди. Унга кўра, «Раҳмонбек» фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинди.

Бунга асос сифатида ака-ука Рахмановлар орасида турли хил зиддиятлар келиб чиқаётгани ва келгусида улар ўртасида оғир турдаги жиноят содир қилиниши мумкинлиги кўрсатилган. Қизиғи шундаки, шу мавзуда ўтказилган йиғилишда манфаатдор шахслар, фермер хўжалиги раҳбарлари, хусусан Шуҳрат Рахмановнинг иштироки таъминланмаган.

Шуҳрат Рахманов Хива тумани ҳокимлигини судга беради. 2018 йил 8 июнда Хива тумани маъмурий суди туман ҳокимлигининг 2018 йил 7 майдаги 1137-сонли қарорини ҳуқуқ нормаларига амал қилинмасдан, шошма-шошарлик билан қабул қилинган деб топиб, ҳақиқий эмас деган қарор чиқаради. 2018 йил 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида ўтказилган апелляция суди бу қарорни ўзгаришсиз қолдиради.

Шундан сўнг, 2018 йил 12 сентябрь куни Шуҳрат Рахманов «Раҳмонбек» фермер хўжалигини давлат рўйхатидан қайтадан ўтказиб, ўз номига расмийлаштириб олади.

Энди адолат юз берди, ҳақиқат қарор топди, 2 йиллик сарсонликка барҳам берилди, ер ва боғ эгасига қайтарилди деб ўйлайсизми? Йўқ, Хива туманидаги сериал давом этди.

2018 йил 20 сентябрь куни, апелляция суди қароридан 1 ой 20 кун ўтгач, Хива тумани ҳокимлиги 2358-сонли янги қарор қабул қилади. Унда ҳоким ўзи томонидан қабул қилинган 2008 йил 30 октябрдаги 805-сонли қарорни ўз кучини йўқотган деб топиб, «Рахмонбек» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилинган деб топади. Қарорнинг 5-бандида «Раҳмонбек» фермер хўжалиги 2 йилдан бери фаолият юритмагани инобатга олиниб, унинг фаолиятини бундан кейин давом қилдириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилсин», деган ёзувлар бор.

Қарор нималарга асосланганини кўриб чиқамиз.

Хива тумани ҳокимлиги фикрига кўра, «Раҳмонбек» фермер хўжалиги раҳбарлиги 2000 йил 6 март куни Иқболой Рахмановадан Шуҳрат Рахмановга ноқонуний тарзда ўтган. Гўё, Шуҳрат Рахманов ўз синглиси Иқболой Рахманованинг имзосини қалбакилаштириб, фермер хўжалигига эга бўлиб чиққан.  

Шундан сўнг, Шуҳрат Рахманов Хива тумани ҳокимлигининг бу қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида маъмурий судга мурожаат қилади.

2018 йил 23 ноябрь куни Хива туман маъмурий суди бу аризани кўриб чиқиб, Хива тумани ҳокимлигининг 2358-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топади. Бундан ташқари, Хива туман ҳокимлигидан давлат фойдасига 2 027 300 сўм давлат божи ундиради.

Хива туман маъмурий суди ўз қарорида Иқболой Рахманованинг фермер хўжалигини ташкил қилиш учун берилган аризада ўзи томонидан имзо қўйилганини тан олганини, бундан ташқари, «Раҳмонбек» фермер хўжалигини ташкил қилиш ҳақидаги 2000 йил 6 мартдаги 6-сонли қарор фақат фуқаро Раҳманова Иқболой аризасига биноан эмас, балки «Феруз» жамоа хўжалиги вакиллари йиғилишининг 2000 йил 21 январдаги баённомаси ва ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг хулосаси асосида қабул қилингани кўрсатилган. Бу билан бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етмаган.

Бундан ташқари, Хива туман ҳокимининг 2018 йил 20 сентябрдаги 2358-сонли қарори билан 2008 йил 30 октябрдаги 805-сонли қарорни ўз кучини йўқотган ва фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси бекор қилинган деб топилиб, нотўғри хулосага келингани аниқланган.

Чунки, Хива туман ҳокимлиги «Раҳмонбек» фермер хўжалиги 2018 йил 12 сентябрда Хива туман Давлат хизматлари маркази томонидан қайта давлат рўйхатидан ўтказилиб, фермер хўжалигининг устави ташкил этилганини била туриб, ушбу қарорни қабул қилган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг 33-моддасига кўра фермер хўжалиги фермер хўжалиги раҳбарнинг қарори ёки суднинг қарорига биноан тугатилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 5 ноябрдаги «Қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 486-сонли қарорига асосан, ер участкасини ижарага бериш шартномасини

ўзгартириш ва бекор қилиш ушбу Шартнома томонларининг келишувига кўра, томонларнинг келишувига эришилмаган тақдирда эса – суд қарорига кўра ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан, ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида, иқтисодий суд қарорига биноан амалга оширилади.

Мана шу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, Хива туман маъмурий суди Хива тумани ҳокимининг 2358-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топди.

Ҳақиқат ва адолат истаётган тадбиркор-фермер судда уч марта ютиб чиқди. Суд Хива тумани ҳокимининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топди. Энди ер участкаси эгасига қайтариладими ёки «Санта Барбара» сериали давом этаверадими?

Шуҳрат Рахманов олий маълумотли агроном, ўз қўли билан шу боғга 800га яқин мевали дарахт эккан. «Менга шу боғ қайтарилса, муҳлат берилса, кейин қилган ишимнинг самарасини кўришсин. Агар давлатга фойдам келмаса, майли, шу боғни қайтариб олишлари мумкин», - деди у куйиниб.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид