Ўзбекистон | 14:01 / 10.12.2018
3644
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов ва Залмай Ҳалилзод Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари давлат котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбатда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси ўринбосари, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директор Лиза Кёртис ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон – Америка кун тартибининг кенг қамровли масалалари ҳамда минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга қилган ташрифи ва президент Дональд Трамп билан музокаралари натижасида янгича суръат олган икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожланаётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишнинг истиқболлари муҳокамаси чоғида муаммони ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги яна бир бор тасдиқланди. Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ва унинг якунида қабул қилинган Афғонистондаги тинчлик жараёнининг асосий тамойиллари борасидаги Декларациянинг муҳим аҳамияти қайд этилди.

Ҳеч бир афғон ушбу сиёсий жараёнидан четда қолиб кетмаслиги керак. Дунё ҳамжамияти бутун афғон жамиятининг мамлакатдаги тинчлик ва тараққиёт йўлидаги умуммиллий манфаатлар атрофида жипслашишига кўмаклашиши керак, дейилади хабарда.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг яқинда Женевада илгари сурган «Афғонистон учун тинчлик дастури» қўллаб-қувватланди.

Учрашувда Афғонистонда йирик инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий объектларни бунёд этишнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Оқ уй ва Давлат департаменти вакилларини қабул қилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид