Матбуот – оммавий коммуникация воситаларининг бир қисми. Тарихчилар биринчи газета милоддан аввалги II асрнинг ўрталарида Қадимги Римда пайдо бўлган, дейишади. Ўша пайтда газеталар тахтачаларга ёзиб тарқатилган, аммо ўз вазифасини аъло бажарган экан. Дастлаб норасмий янгиликларни тарқатиш воситаси бўлган бундай «тахта матбуот» тезда ҳокимият назарига тушиб, Юлий Цезарнинг топшириғига биноан унга сенат йиғилишлари ҳисоботлари, ҳарбий саркардаларнинг баёнотлари ва қўшни давлат ҳукмдорларининг мурожаатлари киритиладиган бўлган.
Шундай қилиб, янгиликлардан бохабар бўлиш учун ўйлаб топилган матбуот ҳали ўзининг куртак ҳолатидаёқ бир миқдорда жамоатчиликнинг қўлидан чиқиб, давлат таъсирига учраган.
«Рим халқининг кундалик ишлари» – мазкур номдаги оммавий кундалик нашри милоднинг III асригача чоп қилинган, сал кейинроқ бунга ўхшаш янгиликлар нашри Хитойда йўлга қўйилган. Демак, XVII асрга келиб газетанинг биз танийдиган шакли пайдо бўлгунига қадар унинг турли қиёфадошлари мавжуд бўлган. Мазкур шаклга энг яқини «awiso» деб номланиб, у Италияда XVI асрда пайдо бўлди. Қўлда ёзилган «awiso» бутун Европанинг сиёсий ва иқтисодий янгиликларини ёритган.

«Газета» номи эса Италияда муомалада бўлган «gazzetta» майда чақаси (тангаси) номидан олинган. Бу чақага одатда Венецияда бир варақ қўлда ёзилган янгиликларни сотиб олиш мумкин бўлган.
«Станок»

Босмахона дастгоҳи ихтиро қилиниши билан янги давр бошланди. XVII аср дунёга янги, аслини олганда, маърифатга хизмат қилувчи кучни олиб келди, бироқ энди нафақат янгиликларни ўз вақтида оммага етказиш ва фойдали фикрларни барчага етказишнинг, балки ахборотнинг катта оқимига мазмун ва йўналиш беришнинг қудратли имконияти пайдо бўлди. Газета орқали нафақат янгиликлар билан бўлишишингиз, хизмат ва маҳсулотингизни реклама қилишингиз, балки ўз империянгиз ва қироллигингиз фуқароларига юритаётган сиёсатингизни «ижобий» кўрсатишингиз, омма дунёқарашига таъсир этишингиз мумкин бўлди. Ахборотни мажбурлаб одамлар онгига сингдириш амалиёти, қайсидир маънода мажбурий обунанинг куртаклари шу пайт кенг кўлам ола бошлади.

Энг биринчи даврий нашр сифатида Страсбург шаҳрида Иоганн Каролюс томонидан ташкил қилинган «Relation aller Furnemmen und gedenckwurdigen Historien» («Буюк хабарлар ва ёдда қоладиган воқеалар сарҳисоби») газетаси эътироф этилади. Каролюс босма станокдан фойдаланиб, газета нархини туширишга ва сотув ҳажмини кўтаришга эришганди.

















