Жаҳон | 09:57 / 20.12.2018
10520
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон мамлакат мудофаасини кучайтириш ва давлат чегараларини мустаҳкамлаш бўйича топшириқ берди

Фото: Avesta.Tj

19 декабрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон республика хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлиги хабар бермоқда.

Йиғилишда хавфсизлик кенгаши аъзолари, Олий суд раиси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, куч тузилмалари ва бошқа масъул вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари иштирок этди.

И. Раҳмон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва куч тузилмаларининг давлат ҳамда халқ хавфсизлиги, қонун устуворлиги, жамоат тартиби, жиноятчиликка қарши курашни таъминлашдаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилиб, ушбу йўналишдаги мавжуд камчиликларни таъкидлади.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат куч маҳкамалари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Фото: Avesta.Tj

Президентнинг қайд этишича, замонавий дунёдаги ҳозирги ҳолат, терроризм, диний ва сиёсий экстремизмнинг тобора ўсиб бораётган таҳдиди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда куч тузилмалари раҳбариятидан огоҳлик, ҳалоллик, ватанпарварлик ва ўз ватани ҳамда халқи олдидаги хизмат вазифасини бажаришда юқори масъулият талаб қилади.

Тожикистон раҳбари, шунингдек, давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, давлат чегараларини мустаҳкамлаш, қуролли кучлар тайёргарлигини ошириш, моддий-техника таъминотини такомиллаштириш, тартиб-интизомни яхшилашга доир кўрсатмалар берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва куч тузилмалари раҳбариятига мавжуд камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Мавзуга оид