Хоразм вилояти Хонқа тумани Олажа қишлоғидаги Ширин маҳалласида барпо қилинаётган намунавий уй-жойларни харид қилган фуқаролар Kun.uz`га мурожаат билан чиқишди. Уларни бу уй-жойларнинг газ билан таъминланмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар хавотирга солган.

«Хонқа тумани ҳокимияти ва газ идораси Олажа қишлоғидаги янги уйларга газ берилмаслиги ҳақида айтишмоқда ёки «ҳали аниқ эмас» деб, изоҳдан қочишмоқда. Шу ерга яқин бўлган ҳудудларда газ бўлса, нега янги уйларга газ берилмаслиги керак? Намунавий уй-жойларда газ бўлмаса, янги қурилган уйларнинг деворлари нураб, расво бўлади-ку? Бундан ташқари, қишда қандай қилиб бу уйларда яшаш мумкин? Дастлабки бадал учун 75 миллион сўм тўладик, яна 20 йил давомида 512 миллион сўм тўлашимиз керак, нега энди газсиз ўтиришимиз керак? Бу янги аҳоли пунктида кам таъминланганлар, ногиронларга ҳам уйлар берилди. Энди улар ҳам ўтин чопиб келиб уйни иситиши ёки газ баллонларни орқалаб, навбат кутиб, газ тўлдириши керакми? Илтимос, шу мавзуни ёритинглар», - дейилган эди мурожаатда.

Вазиятни ўрганиш учун Хонқа тумани, Олажа қишлоғи, Ширин маҳалласига бордик.

Дастлабки маълумот ўрнида айтиш керакки, 2016 йил 21 октябрда қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш мақсадида «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Дастурга асосан, Ширин маҳалласида ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар, шунингдек ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган жами 124та уй-жой қурилиши бошланди. Айни пайтда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ буюртмачилигида ва 10та корхона пудратчилигида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳали ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилгани йўқ.

Шу йилнинг август, сентябрь ва октябрь ойларида тумандаги кам таъминланган, ногиронлиги бор шахслар яшаётган 20дан ортиқ оилаларга майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштирилган 3 хонали уйлар топширилган. Ҳудуднинг бир қисмида жойлашган уйлар тезкор равишда қуриб, битказилган ва эгаларига берилган. Уйлар нархининг дастлабки бадали Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига асосан тўлаб берилган.