Жамият | 14:02 / 26.12.2018
9845
2 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳри марказида аҳоли оқава сувлар ҳидидан азият чекмоқда

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда уйлар атрофидаги санитар шароит оғирлиги ҳақида баён қилинган.

«Урганч шаҳри, Ал-Хоразмий кўчасидаги 23, 23/1 ва 21 уйларнинг сувоқава тизими ишламасдан, кўпқаватли уйлар олди, болалар майдончаси ифлос оқава сувлар билан тошиб бормоқда. Мутасадди корхоналар, шаҳар ҳокимлигига неча маротаба мурожаат қилганимизга қарамай, муаммо 3 йилдан ортиқ вақт давомида бартараф қилинмаяпти», - дейилган мурожаатда.

Кўрсатилган манзилга бориб, вазиятни ўргандик.

Кўпқаватли уй олдидаги канализация қудуғи тўлиб кетган ва ифлос оқава сувлар кичик ариқ орқали болалар майдончасига йўналтирилган.

Натижада, уйлар орасидаги болалар спорт майдончасига канализациянинг сассиқ сувлари тошиб кетган.

Аҳолининг сўзларига кўра, бу ҳолат 2-3 йилдан бери давом этмоқда. Ҳар сафар Урганч шаҳар Оқава сув бўлимига мурожаат қилинганда, носозлик бартараф қилинмасдан, фақат қудуқнинг суви олиб кетилмоқда холос. Натижада, қудуқ тўлганидан сўнг, оқава сувлар яна ташқарига сизиб чиқмоқда.

Майдон атрофидаги учта кўпқаватли уйда 100дан ортиқ оилалар истиқомат қилади. Уларнинг фарзандлари мана шу сассиқ оқава сувга тўлган майдончада ўйнашади.

Ҳозир қиш, сувлар музлаб ётибди. Ёз ойларида эса вазиятнинг қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Оқава сувларнинг сассиғидан, чивин ва пашшалардан, санитария-эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувидан аҳоли қаттиқ азият чекмоқда.

Бу жойга яқин ҳудудларда вилоят ҳокимлиги, Жалолиддин Мангуберди ва Авесто сайёҳлик мажмуалари борлигига ишониш қийин. 50 метр масофада болалар боғчаси ҳам бор. Афсуски, Урганч шаҳрининг қоқ марказидаги аҳвол шундай.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид