Жаҳон | 15:23 / 07.01.2019
23179
2 дақиқада ўқилади

АҚШ десант кемасининг Қора денгизга кириши видеога олинди

Фото: Dvidshub / © U.S. Navy / MCS 2nd Class Megan Anuci

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари катта десант кемаси «Форт Макгенри» (USS Fort McHenry)нинг Босфор бўғози орқали Қора денгизга кириши тасвирланган видео пайдо бўлди. Кадрлар YouTube’даги Alfred rich каналида жойлаштирилди.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Москва вақти билан соат 09:30ларда кема Руминиянинг «Констанца» портига кирган, дея маълум қилди РИА Новости. Унинг ҳаракатлари Россия Қора денгиз флотига қарашли «Питливий» қўриқлаш кемаси томонидан назорат қилинмоқда.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Олтинчи флоти 6 январь куни «Форт Макгенри» Қора денгизга жўнатилгани ҳақида хабар берди.

Кема 2016 йилда Норвегия қирғоқлари яқинидаги машқларда иштирок этган, ундан бир йил муқаддам АҚШ элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш учун Яман қирғоқларига жўнатилган. «Форт Макгенри» ҳаво ёстиқчасида бешта десант катерини ёки LCM-6 туридаги 21та катерни олиб юриши мумкин ҳамда 400дан ортиқ денгиз пиёда аскарни ташиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қора денгизга АҚШнинг катта десант кемаси йўл олаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид