“Табиий газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши шароитида иқтисодиётнинг базавий тармоқларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг корхоналарига - табиий газ харажатлари қисмини қоплаш учун, иссиқлик таъминоти корхоналарига - аҳоли учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш учун субсидиялар ажратилади.

Қарор иловасида белгиланишича, “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг корхоналарига жами 354 млрд сўм миқдорида субсидиялар ажратилади. 

“Ўзбекэнерго” АЖ корхоналарига ажратиладиган субсидиялар табиий газ бўйича қарзларни тўлашга йўналтирилади. Бунда “Ўзбекэнерго ” АЖ корхоналарининг электр энергиясини ишлаб чиқариш учун тарифларини шакллантириш 2018 йил 16 ноябрдан 31 декабргача бўлган давр мобайнида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига мос равишда субсидия суммасини чегирган ҳолда амалга оширилади.

“Ўзбекэнерго” АЖга Ажратиладиган субсидиялар Давлат бюджетидан ажратилган бюджет ссудасини тўлашга йўналтирилади.

Шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналарига 301 087,3 млн сўм миқдорида субсидиялар ажратилади. Изоҳ берилишича, бунда Давлат бюджетидан иссиқлик манбаи корхоналарига ажратиладиган субсидиялар суммаси аҳолига амалда сотиладиган иссиқлик энергияси ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилади.