Ўзбекистонда 2026 йил 1 ноябрдан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини сезиларли ошириш, 2028 йил 1 майдан бошлаб эса инфляциядан келиб чиқиб, лекин 10 фоиздан юқори бўлмаган суръатда ошириб бориш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев 15 октябр кунги матбуот анжуманида бунинг сабабларини изоҳлади.
“Аввало, бир нарсани айтмоқчиман, Тошкент шаҳрида 2019 йилдан 2024 йилгача иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари ўзгармаган. Беш йил давомида тарифлар ўзгармаган, лекин энергия ресурслари, иш ҳақи ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати ошган. Шундан келиб чиқиб, 2024 йилда тарифлар 15 фоизга, 2025 йилда эса икки марта 15 фоиздан оширилди. 2026 йилда тарифларни 30 фоизга ошириш таклиф қилиняпти.
Кейинги йилда яна шундан келиб чиқиб кўриб чиқилади ҳамда 2028 йилдан бошлаб иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари, худди электр энергияси ва газ тарифлари каби, ҳар йили 1 майдан инфляция даражасида, бироқ 10 фоиздан ошмаган миқдорда индексация қилиб борилади.
Ҳозирги кунда иссиқлик ва иссиқ сув хизматларининг таннархи билан аҳолига сотиш нархи ўртасида беш баравар фарқ бор. Юридик шахслар учун тариф таннархга яқинроқ, аҳоли учун эса анча паст. Ўртадаги фарқ давлат бюджетидан субсидия қилиб берилади. Бутун дунё тажрибасидан биласизлар, ўз таннархи даражасида сотилмайдиган маҳсулот етказиб берилиши кафолатланган бўлмайди”, – деди Мустафоев.
2025 йил 11 мартда қабул қилинган президент қарорига асосан, 2030 йилга қадар иссиқлик таъминоти хизматлари учун аҳолига қўлланадиган пасайтирилган тарифларни босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш назарда тутилган. Вазир ўринбосарининг айтишича, бунга фақат тарифларни ошириш билан эришилмайди, 2030 йилга қадар таннарх камида 30-40 фоизга пасайтирилиши керак.
“Таннархга етиш фақат тариф орқали амалга оширилмайди. Аввало, компания таннархни пасайтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилади. Ўша қарорда ҳам ёзилган: ҳар йили таннархни 15 фоиздан кам бўлмаган даражада пасайтириш бўйича дастур ишлаб чиқилади ва уни амалга оширади. Иккинчиси, ҳозирги кунда иситиш хизматида йўқотишлар ҳам бор – буни ҳамма билади, ўша йўқотишларни техник аудитдан ўтказган ҳолда, йўқотишларни камайтириш бўйича модернизация дастури ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида таннархни камида 30-40 фоизга камайтирса бўлади”, – деди у.
















