Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси президентининг “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонини бажариш юзасидан, қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва соҳа мутахассисларининг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга йўналтирилган лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.

Қарор лойиҳасига кўра, қуйидагилар:

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини ошириш тўғрисидаги низом;

қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тўғрисидаги низом;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш жараёнларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси ва Ўзбекистон архитекторлар иттифоқи билан биргаликда:

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, лойиҳалаш илмий-тадқиқот институтлари, йирик қурилиш ташкилотларининг кадрлар салоҳиятидан ва моддий-техника базасидан фойдаланишни ҳисобга олиб, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг, шу жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий мамлакатларда албатта амалиёт ўтказишини ташкил этган ҳолда узлуксиз, шу жумладан, масофавий касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек уларнинг касб ва малака даражасини такомиллаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ушбу қарорда белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджетининг ҳар йилги параметрларида ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган маблағлар, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан тўлов-контракт асосида лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини оширишдан тушадиган маблағлар, ҳомийларнинг маблағлари ва хорижий грантлар доирасида амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

лойиҳа илмий-тадқиқот институтлари, етакчи қурилиш ташкилотлари ва таълим муассасалари қошида ташкил этилган малака ошириш марказларининг тайёрлов йўналишлари ўқув режаси ва дастурларини Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон фармони талабларига мувофиқ кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасининг мутахассисликлар йўналишлари бўйича малака ошириш марказларида дарс беришга юқори салоҳиятга эга хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар, малакали мутахассислар таркибини шакллантиради;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларини малака ошириш йиллик режа-графигини шакллантириш ва мониторингини олиб боришни автоматлаштирилган тизимини яратади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларининг ишларини самарали ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни ва ҳар томонлама ёрдам берилишини таъминлайдилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири А.Х.Тухтаев зиммасига юкланади.