«Ishonch» нашри мухбири Маҳлиё Умирзоқова Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ Демок­ратик партияси раҳбари иштирокида ўтказиладиган матбуот анжуманидан сўнг партия нашрларининг кейинги тақдири билан қизиқиб, бу борада фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов билан суҳбат қурди.

– Бугун партия нашри «Ўзбекистон овози» бор-йўғи 4600 нусхада чоп этилмоқда. «Голос Узбекистана» эса ёпилиш арафасида. Эшитишимизча, бунинг асосий сабаби Сизнинг таҳририят билан келиша олмаётганингиз билан боғлиқ экан. Биринчидан, партияда шунча катта куч бўла туриб, нега обуна тарғибот қилинмади? Партия марказий кенгаши томонидан ҳудудий партия ташкилотларига обунани ташкил этишни тўхтатиб туриш бўйича топшириқ ҳам берилганлигини айтишмоқда. Жорий йилда парламентга сайловлар бўлиб ўтишини инобатга олсак, бу ҳол партия ­ғояларини кенг ­оммага етказиш имкониятларини бир мунча пасайтирмайдими?

– Агар шундай ҳолат бўлганида мазкур тадбирга партия нашри вакилларининг иштирок этишига йўл қўймаган бўлар эдик. Гувоҳи бўлиб турибсиз, улар шу ерда. Илгари ҳудудий кенгашларни «шунчадан обуна қиласан», деб мажбурлар эдик. Энди бу тизимдан воз кечдик. Партиядошларимизни ўз ихтиёри билан обуна бўлишига қўйиб бердик. Таъкидлаш жоизки, ХДПнинг барча ташкилотларида қарийб икки ярим минг нафар киши ишлайди. Бундан ташқари, 450 минг нафардан зиёд аъзоларимиз, яъни хайрихоҳларимиз бор. Биз уларни газетага обуна бўлишга мажбурлай олмаймиз. Албатта, «Ўзбекис­тон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарининг обунаси масаласи ҳали йил давомида кўрилади, қўшма қарорлар чиқади ва қайтадан таҳлил қилиниб, имконият даражасида нашрларимизга амалий ёрдам берамиз.

“Тўғриси, жавоб кишида қарама-қарши фикрларни уйғотади. 

Жойлардаги партия раҳбарлари, фаоллари, депутатлар ўз газетасини ўқимаса, партия марказий Кенгаши, Олий Мажлисдаги фракцияси фаолиятидан қандай хабардор бўлади, қандай тартибда иш юритади?.. Партия ўз фикрига қарши тарзда сайлов олдидан «мажбурий обуна» ташкил қилишни режалаштир­яптими? 450 минг аъзо ўз нашрига обуна бўлишни ўзи истамаса… Бу ҳам тушунарсиз…” - дея фикр юритади журналист.

– ХДП сиёсий партияларнинг қай бири билан қонун ижодкорлиги ва унинг қабул қилинишида принципиал даражада зиддиятга борди ва ютди? Агар шундай ҳолат юз берган бўлса, ўша қонун жамиятга қандай фойда бермоқда?

– ХДП парламентда ўзини мухолифат сифатида эълон қилган. Ушбу тушунчадан келиб чиқадиган бўлсак, фракция «Адолат», «Миллий тикланиш» ёки ЎзЛиДеП билан ҳамкорликда эмас, балки ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш юритади. Сиёсий партияларнинг дас­турлари ҳар хил бўлгани сабаб ҳам манфаатлар тўқнаш келади, қонунлар эса кўп овоз олган ҳолда қабул қилинади. Шу билан бирга, ўтган йили 233-сонли қонун лойиҳасида «Адолат» социал-демократик партияси ва ХДПнинг манфаатлари бир жойда уйғунлашди. Натижада ер ости сув захираларидан оқилона фойдаланишга оид масала парламент миқёсида кўриб чиқилди. Қатъий бирдамлик сабаб юридик шахслар ўз вақтида керакли шароитни яратмаган ҳолларда ер ости сувидан фойдаланган хонадонлар солиқлардан озод қилинадиган бўлди. Бу эса икки партиянинг ҳамкорликда амалга оширган ишига бир мисол бўла олади.