Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, календарь йилнинг 15 майигача бўлган муддатда туман ҳокимининг қарорига асосан Хўжаликлар томонидан етиштирилган бошоқли дон ялпи ҳосилини аниқлаш комиссияси тузилади.

Комиссия таркибига – туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (комиссия раиси), туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг агротехнология бўйича ўринбосари (асосан бошоқли дон экинлари агротехнологияси билан шуғулланадиган масъул ходим), туман фермер ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили, дон корхонаси вакили, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг тегишли ҳудудий ер тузувчилари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш туман инспекциясининг (бошоқли дон уруғчилиги билан шуғулланувчи) масъул ходими киритилади.

Ҳудудидаги бошоқли дон экинларининг пишиб етилиши муддатларидан келиб чиқиб туман ҳокими томонидан бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш прогноз графиги тасдиқланади ва комиссиянинг иши ушбу графикка мос равишда ташкил этилади.

Комиссия тасдиқланган график асосида ўрим – йиғим бошланган хўжаликнинг даласида бошоқли донни ўриб олиш жараёнини бевосита кузатиб боради ва ўрим комбайни томонидан ҳар бир тўкилган бункердаги бошоқли дон миқдори ва ўрилган майдоннинг ҳажми ҳисобини олиб боради.

Ҳар бир хўжалик томонидан етиштирилган ғалла ҳосили ғалла экилган майдон тўлиқ ўриб-йиғиб олингандан кейин ялпи ҳосил миқдори аниқланади. Бунда, хўжаликнинг давлатга ғалла топшириш режаси ғалла экилган майдон тўлиқ ўриб олинмасдан олдин бажарилган тақдирда, хўжалик бўйича ялпи ҳосилдорликни аниқлаш мақсадида, қолган майдон тўлиқ ўриб-йиғиб олинмагунча ўрим-йиғим комбайнларининг фермер даласидан чиқиб кетишига йўл қўйилмайди.

Хўжалик томонидан жами ўриб-йиғиб олинган ғаллани миқдори комиссия томонидан 5 та асл нусхада далолатнома тузилиб имзоланади. Ушбу далолатномага комиссия билан биргаликда хўжалик раҳбари, комбайн(лар) оператори(лар) ҳамда донни ташиган транспорт воситаси ҳайдовчиси имзо чекади. Далолатномада бошоқли дон йиғиб олинган майдон, олинган бошоқли дон миқдори ва ўртача ҳосилдорлик ҳамда ўрилмасдан қолган майдон ҳамда ундан йиғиб олиниши кутилаётган бошоқли дон миқдори акс эттирилади.