Мессенжерлар. Мулоқот қилиш, бизнес ва бошқарув амалиётида ҳужжат алмашиш ҳамда бошқа қатор қулайликлари сабаб бугун барчамиз унинг фаол фойдаланувчисимиз. Кунда ё кунора мессенжерлар хизматига мурожаат қилишга кўникиб улгурдик. Аслини олганда, кишилар ўртасидаги мулоқотнинг мессенжерларга кўчиши бутун дунёда кечаётган йирик тенденсия ҳисобланади.

Мессенжерлар ҳақида гапирганда ундаги маълумотлар хавфсизлиги масаласига ҳам тўхталиш зарур, сабаби, ахборот алмашинувида хавфсизликнинг таъминланиши ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга қўйиладиган дастлабки талабдир. Охирги йилларда кўплаб мамлакатларда маҳаллий мессенжерлар яратиш орқали уларнинг хизматлари ўзлаштирилаётгани инобатга олинса, келажакда ушбу хизматларнинг ҳам маҳаллийлашишини тахмин қилиш мумкин. Айнан хавфсизлик сабаб.

Kun.uz ўтган 2018 йилнинг сентябрь ойида «Pager Ўзбекистонда Telegram ўрнини боса оладими?» сарлавҳаси билан “ORIENT SOFTWARE TEAM” компаниясининг асосчилари томонидан яратилган Pager номли дастур ҳақидаги маълум қилиб, унинг асосчиларидан бири Анвар Каримов билан интервью ташкил қилган эди. Интервьюда ёш дастурчи томонидан ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ишловчи Pagerʼдан келгусида нафақат мулоқот воситаси балки аҳолига турли йўналишларда хизмат кўрсатишда ҳам фойдаланиш мумкинлиги айтилган эди.

Хўш, ўтган вақт давомида дастурда қандай ўзгаришлар бўлди, фойдаланувчиларнинг Pagerʼга нисбатан фикри қандай? Ана шу саволлар билан дастур яратувчилари, “ORIENT SOFTWARE TEAM” компанияси ходимларига мурожаат қилдик.

- Бундан бир муддат аввал Сайтимиз орқали кенг оммага Pager дастури ҳақида маълум қилган эдик, айтинг-чи, фойдаланувчилар ушбу дастурни қандай кутиб олишди?

Анвар Каримов:

- Pager дастурининг илк фойдаланувчилари уни жуда илиқ кутиб олишди. Асосий қизиқишни IT соҳа мутахассислари билдиришди. Чунки лойиҳа кўлами ва уни амалга оширишдаги мураккабликларни мазкур соҳа вакиллари яхши билишади.

Дастурдан фойдаланиш давомида уни янада такомиллаштириш бўйича ўз маслаҳатларини, таклифларини берган инсонлар ҳам кўп бўлди.

- Аввалги интервьюда дастурни такомиллаштириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп, дегандингиз. Айтинг-чи, ўтган вақт давомида компания мутахассислари томонидан дастур устида қандай ишлар қилинди, асосий ўзгаришлар нималардан иборат?