Ўзбекистон | 14:22 / 29.01.2019
14949
2 дақиқада ўқилади

Ёзувчи Асад Дилмурод оламдан ўтди

Таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Асад Дилмурод вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасидаги манба Kun.uzʼга тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Асад Дилмурод оғир хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмган.

Асад Дилмурод 1947 йил 20 июлда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган (1971). Илк ҳикоялар тўплами — “Осмоннинг бир парчаси” (1978). “Тош бургут” (1979), “Сирли зина” (1980), “Шердор” (1986), “Мулк” ва “Гириҳ” (1989), “Тоғлар, сукут сақламанг” (1987), “Оқ аждар сайёраси” (2000), “Мезон буржи” (2007) қиссалари, “Афросиёб сукунати” (1983), “Кўчки” (1991) каби китоблари нашр этилган. “Маҳмуд Торобий” (1998), “Фано даштидаги қуш” (2001), “Паҳлавон Муҳаммад” (2006) сингари романлар муаллифи.

Асад Дилмурод кўп йиллар давомида “Шарқ юлдузи” журналининг наср бўлимини бошқарган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наср кенгашида фаолият олиб борган эди.

Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этади.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид