Адашмадингиз. Аслида «суғур куни» 2 февралда АҚШда истиқомат қиладиган машҳур суғур — Филнинг об-ҳаво башоратларини тинглаш билан кенг нишонланувчи кўнгилочар байрам. Ўзбекистонликлар ҳам «суғур куни» деганда сюжетда ҳар куни битта воқеа такрорланувчи қизиқарли комедия-фильмни эслайди.

Бугун, 5 февраль куни ҳам Тошкентда бўлаётган воқеалар менга «суғур куни»ни эслатиб юборди. Гап шундаки, бундан аввал «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар тушунарсиз, бир вақтнинг ўзида анча қийин вазиятда қолгани ҳақида мақола эълон қилинди.
Мақолада 2019 йил январь ойидан бошлаб кўрсатилаётган дирекция хизматлари учун тўлов 500 фоизга, яъни ҳар бир метр квадрат учун 7800 сўмга оширилгани баён қилинганди.
«Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК бош иқтисодчиси вазиятга ойдинлик киритиб, «дирекция 2018 йилда тахминан 1,1 млрд. сўмга тенг солиқларни тўлаган бўлса, 2019 йилда харажатлар 19 млрд. сўмни ташкил этиши»ни айтган ва шунинг 67 фоизи солиқ юки ҳисобланади. Хуллас, мақолада барча вазиятга лўнда ва аниқ тушунча берилган.
Аммо 5 февраль куни кичик саноат зонасидаги тадбиркорлар билан учрашиб, масалага ечим қидирган туман ҳокими Бахтиёр Шомуратов бошчилигидаги ДСИ туман бўлим бошлиғи биринчи ўринбосари, туман прокуратураси вакили ва бошқа мутасаддиларнинг айтганлари айнан «суғур куни»ни эслатади. Барчага очиқ-ойдин, муаммонинг асл сабаблари йиғилиши муҳокамасида яна қайта эсланди.
Шундан сўнг, ўтган ҳафтада ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, ер солиғи, мулк солиғи, сув солиғи, ҚҚС тўловчисига айланган ДУКнинг харажатларини қоплаш кераклиги тушунтирилди. Йиғилишда жамоатчилик аъзолари кузатувида ҳисоб-китоб қайта қилиниши яна таклиф этилди. Масалани «юқори»га олиб чиқиш, мурожаат қилиш зарурлиги яна айтилди.














