Адлия вазирлиги қўшилган қиймат солиғининг «нол» ставкаси қўлланадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (пахта ва ғалладан ташқари) рўйхатини давлат рўйхатидан ўтказди.
Президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган пахта ва ғалладан ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишда ҚҚСнинг «нол» фоизлик ставкаси қўлланади.
Шунга кўра, ҚҚСнинг «нол» ставкаси татбиқ этиладиган 516 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати тасдиқланди.
Мазкур рўйхатга киритилган маҳсулотларни етиштириш учун харид қилинган товарлар ва хизматлар бўйича тўланган ҚҚС суммалари қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига автоматлаштирилган тартибда қайтарилади. Унга кўра, маблағлар тадбиркорларга уч кун ичида ўтказиб берилиши белгиланган.











