Давлат ташкилотларида хизмат машинасидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорга қўшимча киритилди
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида” 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини таъминлаш учун кечки ва тунги вақтда жалб этилган органларнинг хизмат автотранспорт воситаларидан самарали фойдаланиш тартибини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида” 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарорига қуйидаги мазмундаги 10-1-банд қўшилди:
“10-1. Белгиланишича, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ихтиёрида бўлган автомототранспорт воситалари, шунингдек, бошқа техника, агрегат ва ускуналар учун ёқилғи маҳсулотларини сарфлаш ва йиллик йўл босиш лимитлари ҳамда хизмат автомобиллари сони меъёрлари тегишлича ушбу давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамияти билан келишилган ҳолда белгиланади”.
Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юкланди.