Спорт | 09:42 / 18.02.2019
8123
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТЖ Швейцария клуби билан ўртоқлик учрашувида иродали дуранг қайд этди

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Испаниянинг Сан-Педро-дель-Пинатар шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда.

Кеча, 17 февраль куни Любинко Друлович шогирдлари «La Finca» стадионида Швейцариянинг «Делемон» клубига қарши назорат учрашуви ўтказди. Ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди, деб хабар беради ЎФА расмий сайти.

Ўзбекистон ОТЖ 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, кейин ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди, голларга Ислом Қобилов ва Бобур Абдухолиқовлар муаллифлик қилишди.

«Ҳисоб тенглашгандан кейин устунлик биз томонга ўтди. Кўп вазиятларда терма жамоамиз аъзолари томонидан уюштирилган хавфли ҳужумлар рақибни шошириб қўйди. Шунингдек, ҳакам томонидан «Делемон» клуби дарвозасига белгиланган пенальтини голга айлантира олмаганимизни ҳам таъкидлаб ўтиш зарур», – дейилади хабарда.

Йиғин доирасидаги навбатдаги ўйин 21 февраль куни Тбилисининг «Локомотив» клубига қарши бўлиб ўтади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси шу йилнинг март ойида келаси йил Тайландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралашида қатнашади. Саралаш баҳслари Тошкентда ўтказилади ва унда мезбонлар Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун Тожикистон, Ҳиндистон ва Покистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.

Мавзуга оид