Ўзбекистон | 16:15 / 19.02.2019
5907
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Германия соғлиқни сақлаш тизими фаолияти билан танишмоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш” лойиҳасида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

19 февраль куни Гамбург шаҳрида лойиҳа ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси “2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси” мавзуида тақдимот ўтказди. Сўзга чиққанлар “2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси” асосида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва молиялаштиришнинг бутунлай янги тизимига ўтказилаётганини таъкидлашди. 

“Шунингдек, тақдимотда шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига юқори технологияларни сотиб олиш бўйича шартномаларни тайёрлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Бундан ташқари, мутахассисларимиз Германия тиббиёт моделини ўрганиш орқали Ўзбекистонда соҳани юқори технологиялар асосида ривожлантиришда икки мамлакат мутахассислари ҳамкорлигини янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидладилар”, дейилади хабарда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

27 февралга қадар давом этадиган ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Германия соғлиқни сақлаш тизимида молиялаштириш масалалари ва бошқариш усуллари, замонавий тиббий технологияларни бошқариш тамойиллари билан яқиндан танишадилар. Бундан ташқари, мамлакатнинг етакчи тиббиёт муассасаларини, тиббий таълим ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Мавзуга оид