Жамият | 11:45 / 20.02.2019
12228
4 дақиқада ўқилади

Фермер хўжалиги ерларини пуллаб юборган шахсга жазо тайинланди

Фото: РИА "Новости"

2019 йил 14 февраль жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани судида Р. Б.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Р.Б. алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2008 йил сентябрь ойида У.Ш.нинг ишончига кириб, унга Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман ҳокимининг 2008 йилдаги қарорига кўра фермер хўжалиги ерларида маҳалла гузари қуриш учун ажратилган 0,40 гектар ер майдонига маҳалла гузари учун қурилиш ишлари амалга оширмасдан, ушбу ер майдони туман ҳокимлиги томонидан хусусий уй-жой қуриш учун ажратилганлигини айтади. 

Сўнгра 0,7 га ер майдонини 12.420.000 сўмга хусусий уй-жой қуриш учун сотиб юборади. Бундан ташқари Р.Б. худди шу фермер хўжалигида 0,5 га ер майдонини 5.400 АҚШ долларига, яна 0,5 га ер майдонини 5.000.000 сўмга, 0,4 га ер майдонини 8.000 АҚШ долларига, 0,4 га ер майдонини 8.500 АҚШ долларига, 0,3 га ер майдонини 5.000 АҚШ долларига, 0,4 га ер майдонини 8.000 АҚШ долларига, 0,4 га ер майдонини 9.000 АҚШ долларига 0,3 га ер майдонини 10.000 АҚШ долларига хусусий уй-жой қуриш учун сотиб, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Суд судланувчи Б.Р.нинг жиноий ҳаракатларини юридик квалификациясини муҳокама қилиб, дастлабки тергов органи томонидан унинг:

- «фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш»да ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддасининг 1-қисми билан;

- «фирибгарлик, яъни такроран, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш»да ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисмининг «б» банди билан;

- «фирибгарлик, яъни такроран, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг анча миқдордаги мулкини қўлга киритиш»да ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисмининг «а,б» бандлари билан;

- «фирибгарлик, яъни такроран, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш»да ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «а,б» бандлари билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблаган.

Р.Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва шу модда билан Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Озодликни чеклаш жазоси Р. Б.нинг яшаш хонадонида сутканинг соат 21.00 дан 07.00 га қадар ўташ белгиланди ва мазкур вақтлар оралиғида яшаш жойидан чиқиши чекланди.

Судланувчи Б.Р.нинг зиммасига қуйидагилар юкланди: 

- алкоголли ичимликлар истеъмол қиладиган ва кўнгилочар жойларга, жумладан, кафе, бар, ресторан, тунги клуб, таваккалчиликка асосланган бошқа ўйингоҳларга бормаслик;

- оммавий тадбирларда, яъни байрам сайллари, намойишлар, митингларда иштирок этмаслик;

- жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик ва яқин муносабатда бўлмаслик;

- маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз, яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик.

Мавзуга оид