2024 XA1 астероиди 2024 йил 4 декабр тонгида Шарқий Сибир узра Ер атмосферасига кирган. У бундан атиги 10 соат аввал аниқланган бўлиб, бу астероиднинг Ерга келиб тушишини олдиндан айтишга муваффақ бўлинган 11-ҳолат эди.

Тадқиқотга Хитой Фанлар академияси Юннан астрономия обсерваторияси илмий ходими Чжан Силян ва шу муассаса аспиранти Фан Сянъюй раҳбарлик қилган. Натижалар The Astronomical Journal журналида эълон қилинган.

Кузатув учун сўнгги бир соат қолган эди

Олимлар астероид атмосферага киришидан олдинги сўнгги бир соат давомида уни Лицзяндаги кўзгуси диаметри 2,4 метр бўлган телескоп ёрдамида кузатган. Улар осмон жисми ёрқинлигининг ўзгаришини қайд этиб, айланиш даврини ҳисоблаган.

Натижада 2024 XA1 ўз ўқи атрофида 1,63 сонияда бир марта айлангани маълум бўлган. Аввалги рекордчи — 2024 BX1 астероидида бу кўрсаткич 2,58 сонияни ташкил этган.

Бундай тезликда нега парчаланиб кетмаган?

Тадқиқотчиларнинг тушунтиришича, бундай тез айланишда юзага келадиган марказдан қочма тезланиш астероид сиртидаги гравитация тезланишидан анча катта бўлади.

Бу эса 2024 XA1 асосан ўз тортишиш кучи билан бирлашиб турган бўш парчалар тўплами эмас, балки яхлит қаттиқ жисм бўлганини кўрсатади. Уни парчаланишдан материалининг ички мустаҳкамлиги сақлаб турган.

Олимлар астероид йирикроқ осмон жисмининг тўқнашуви ва парчаланиши натижасида ҳосил бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Астероидни аниқлаш ва унга тайёрланиш орасида соатлар қолиши мумкин

Кичик астероидларнинг ўлчами, хиралиги ва тез ҳаракатланиши уларни эрта пайқашни қийинлаштиради. Шунингдек, эҳтимолий тўқнашув энергиясини баҳолаш учун ҳам қисқа вақт ичида етарли маълумот тўплаш зарур бўлади.

Тадқиқотда келтирилишича, астероиднинг атмосферага кириши олдиндан муваффақиятли башорат қилинган 13 ҳолатнинг барчасида гап ўлчами бир неча метр атрофидаги жисмлар ҳақида борган. Уларни аниқлашдан атмосферага киришигача икки соатдан 21 соатгача вақт қолган.

Тадқиқотчилар янги ёндашувлар шундай қисқа муддатда аниқланган осмон жисмларининг физик хусусиятларини тезроқ ўрганишга ёрдам беришини кутмоқда. Бу маълумотлар астероид таҳдидини баҳолаш ва эрта огоҳлантириш усулларини такомиллаштиришда қўлланиши мумкин.