Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга сифатли олий таълим бериш имкониятларини кенгайтириш, бу борада рақобатни кучайтириш мақсадида йирик хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилмоқда. Россия, Буюк Британия, Италия, Сингапур каби давлатларнинг олий таълим муассасалари ўз шохобчаларини очгани кўпчиликка маълум.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ўзбекистонга малакали кадрларни тайёрлаб бериш борасида саъй-ҳаракат қилаётган хорижий институт-университетлар орасида Жанубий Корея олий таълим муассасалари сони салмоқли. 2018 йил 15 октябрида расман фаолиятини бошлаган Тошкент шаҳридаги Ёджу Техника институти шулар жумласидан.

Шартнома асосида қабул қилинган талаба бир йилда тегишли таълим йўналиши бўйича 16 млн сўмдан 24 млн сўмгача тўловни амалга ошириб, архитектура ва шаҳарсозлик, туризм, қурилиш, муқобил энергия ва бизнесни бошқариш йўналишларида Корея ва халқаро таълим стандартлари бўйича олий маълумотли мутахассис бўлиб етишади.

Бироқ, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари Ёджу Техника институтидаги таълим жараёнини гўёки талабадан келган мурожаатга асосланиб танқид қилмоқда. Гарчи, мақолада мурожаатчи келтирган важлар санаб ўтилгач, Институт томонидан тақдим этилган изоҳлар берилган бўлса-да, далилларни текшириш тўлақонли амалга оширилмаган ҳамда мақола кўпроқ мурожаатчининг эътирозлари ҳақли, деган мазмундаги сарлавҳа билан ўқувчи эътиборига ҳавола этилган.  

Хўш, талабанинг эътирозлари нималардан иборат эди?

- Институт биносига бўлган эътироз. Унга кўра, бино тўлиқ битмаган.

- Дарсликлар хусусида – ҳамон электрон вариант ва китобларнинг нусхаларидан фойдаланилмоқда. Ахборот-ресурс маркази фаолиятидан қониқмаслик.

- Кредит таълим тизими бўйича. Талаба фикрича, бу тизим Ўзбекистонга тўғри келмайди, дарс вақтининг 50 дақиқа бўлиши етарли эмас. Назорат, таълим сифати, устозлар таркибига эътирозлар.