24 февраль куни Осиё Олимпия Кенгаши (OCA) президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад ас-Сабоҳ Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида AIBA президенти Ғофур Раҳимов, МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари кутиб олишди.

Шайх Аҳмад Ас-Сабоҳ кувайтлик сиёсатчи ва спорт маъмури ҳам ҳисобланади. Айни пайтда у Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси, Осиё Гандбол федерацияси президенти сифатида фаолият олиб боради. Ас-Сабоҳ 2001-2003 йилларда Кувайт Ахборот вазири, 2003-2006 йилларда Энергетика вазири, 2005 йилда ОПЕК бош котиби, 2006 йилдан эса Кувайт Давлат хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шайх Аҳмад Ас-Сабоҳ Kun.uzʼга берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистоннинг навбатдаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятлари, спорт атрофидаги сиёсий келишмовчиликлар, Марказий Осиёга “қайтаётган” ҳоккей тўғрисида гапириб, шахсий мулоҳазаларини билдирди.

– Ассалому алайкум, шайх Ас-Сабоҳ, сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан мамнунмиз.

– Катта раҳмат, мамлакатингизга қайта ташриф буюриб, меҳмон бўлиб турганимдан хурсандман.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

– Осиё олимпия кенгаши президенти Ўзбекистонда нима мақсад билан ташриф буюрган, олдинда қандай режалар бор?

– Ўзбекистон, хусусан Тошкент шаҳри мустақиллик йилларининг илк давриданоқ Осиёда спортни оммалаштиришда муҳим рол ўйнай бошлаган. Мамлакатнинг биринчи президенти ҳам, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳам ёшлар ва спорт масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунинг учун, расмий Тошкент доим бу йўналишда фаоллик кўрсатган. Осиё ўйинларида мунтазам иштирок этаётган ўзбек спортчилари, жумладан боксчилар, курашчилар, футболчилар фахрли натижаларга эришиб келмоқда.