Жаҳон | 12:54 / 08.03.2019
19199
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла инқирози. Гуайдо ваҳима ҳақида маълум қилди, Помпео Мадурони айблади

Фото: Federico Parra/AFP/Getty Images

Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдонинг маълум қилишича, мамлакатда ҳозирда кузатилаётган электр энергиясининг ўчириб қўйилиши ўз давомийлиги бўйича рекорд саналади. Бу ҳақда у твиттердаги саҳифасида ёзган.

Унинг сўзларига кўра, Каракасда тахминан олти соат давомида чироқ бўлмаган, умумий ҳисобда эса мамлакатнинг 22 штати йирик авария билан қамраб олинди.

Фото: AFP 2019 / Matias Delacroix

«Чалкашлик, ваҳима ва ғазаб», - дея пойтахтдаги ҳолатга изоҳ берган Гуайдо.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, бу вазият мамлакат президенти бўлган «узурпатор Николас Мадуронинг самарасизлиги» оқибатидир. Гуайдо сўзларига кўра, «мамлакат ва электр энергияни қайта тиклаш» фақат Мадуро режимини «ағдариш» усули билан амалга оширилиши мумкин.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг билдиришича, Венесуэлада электр энергиясидаги узилишлар учун республика президенти Николас Мадуро маъмурияти айбдор. 

«Электр энергиянинг етишмовчилиги ва очарчилик Мадуро режимининг ўз ишини билмаслиги натижаси ҳисобланади», - деди Помпео.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, АҚШ республикадаги электр энергияси узилишларига алоқадор эмас.

Фото: AP Photo/Eduardo Verdugo

Ўз навбатида, Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг маълум қилишича, Пекин бошқа давлатларни Венесуэла ишларига аралашмасликка чақиради. 

«Ташқи аралашувлар ва санкциялар фақат вазиятни янада кескинлаштириши мумкин, яна жунгли қонуни амал қилишни бошлашига олиб келади», - деди Ван И.

Унинг сўзларига кўра, ички масалалар Венесуэла халқи томонидан ҳал қилиниши керак.

Шунингдек, у ҳар бир мамлакат суверенитети ва мустақиллиги муҳим эканлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадуро Америка империализми Венесуэлага энергетик уруш эълон қилгани ҳақида айтганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид