Бу ҳақда ташқи ишлар вазири 25 июл кунига ўтар кечаси X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес топшириғи билан Венесуэла Рим статутини бекор қилиш ва унинг 127-моддасига мувофиқ Халқаро жиноий суддан тўлиқ чиқиш жараёнини бошлаш ҳақида БМТга расмий билдиришнома юборган.
Каракас ХЖСни «географик бирёқламалик»да айблади
Феликс Пласенсиянинг таъкидлашича, Венесуэла Халқаро жиноий суд фаолиятида очиқ-ойдин «географик бирёқламалик»ни кўрмоқда.
Унинг фикрича, суд ўз фаолиятини асосан Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларига қаратган, бу эса глобал жануб давлатлари манфаатларига зарар етказмоқда.
Вазирнинг таъкидлашича, бундай амалиёт халқаро адолат тизими ҳақиқий холисликдан йироқ эканини кўрсатади ҳамда давлатлар ўртасидаги тенгсизликни кучайтириш, халқларнинг суверенитети ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини эътиборсиз қолдиришга хизмат қилмоқда.
«Биз суверенитет ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қиладиган ҳақиқий адолатга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди Пласенсия.
Венесуэла Халқаро жиноят судининг таъсис ҳужжати ҳисобланган Рим статутини 1998 йилда имзолаган ва 2000 йилда ратификация қилган.
ХЖСда прокурор алмашинуви
Венесуэланинг баёноти Халқаро жиноий судда муҳим кадрлар ўзгариши ортидан янгради.
Аввалроқ ХЖСга аъзо 125 давлатдан 82 таси суд бош прокурори Карим Хоннинг истеъфосини маъқуллаган эди.
Йиғилиш Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди. АҚШ Рим статути иштирокчиси эмас ва аввал ХЖСнинг айрим ходимларига қарши санкциялар ҳам жорий этган.
Карим Хон йиғилишда иштирок эта олмади, чунки АҚШ санкциялари унга мамлакат ҳудудига киришни тақиқлайди.
56 ёшли британиялик ҳуқуқшунос Карим Хон бир йилдан ортиқ вақт аввал ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик ҳақидаги айбловлар ортидан ваколатларини вақтинча топширган эди. У бу айбловларни рад этиб, тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.











