Иқтисодиёт | 14:40 / 14.03.2019
9381
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон сенати Ўзбекистонга нефть экспорти бўйича битимни ратификация қилди

Фото: ИТАР-ТАСС/Юрий Смитюк

Қозоғистонда Сенат депутатлари ялпи мажлисда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик масалалари тўғрисидаги ҳадли битимни ратификация қилиш тўғрисида Қозоғистон Республикаси қонунини қабул қилишди. Бу ҳақда Bnews.kz хабар бермоқда. Томонлар нефть-газ, нефть-кимё ва электр энергетикаси соҳаларида ҳамкорлик қилади.

Қозоғистон ушбу битим доирасида Ўзбекистонга йилига 5 миллион тоннагача нефть экспорт қилишни режалаштирмоқда. Тегишли келишув 2017 йил 16 сентябрда Тошкент шаҳрида имзоланган.

«Битим икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, нефть-газ, нефть-кимё ва электр энергетикаси соҳаларидаги ҳамкорликни рағбатлантириш, Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига табиий газни узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, Келишув томонлари газ-транспорт тизимининг транзит салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган», - дея маълум қилинган Қозоғистон Сенатининг Иқтисодий сиёсат, инновацион ривожланиш ва тадбиркорлик бўйича қўмитасидан.

Шунингдек, битим доирасида унинг барча нормалари ўз вақтида бажарилишини назорат қилувчи ҳамда тартибга солувчи мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш назарда тутилган.

«Битим билан шу нарса тартибга солинадики, Қозоғистон томони Чимкент-Жиззах магистрал нефть қувури ишга туширилгунга қадар магистрал қувур орқали нефть транспортировкаси бўйича хизматларга ноль ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солади. Шу билан бирга, Қозоғистон солиқ қонунчилигига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғини қайтариш мақсадида магистрал қувур орқали нефть транспортировкаси бўйича хизматлар Қозоғистон томонидан халқаро ташувлар сифатида кўрилади», - дея қўшимча қилиб ўтишган қўмитадан.

Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев февраль ойи охирларида 2018 йил давомида Қозоғистон Ўзбекистонга 260 минг тоннадан ортиқ нефть етказиб берганини хабар қилганди.

Бундан олдин, Қозоғистон Ўзбекистонга таклиф билан чиққанди.

Мавзуга оид