Президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сонли фармонига кўра, фуқароларга ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи берилмоқда.

Фармон асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори қабул қилинди ва «Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида» Низом тасдиқланди.

Мазкур низом талабларига тўғри келмайдиган уй-жойларга мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Ушбу жараёнда ноқонуний қурилишга эгалик ҳуқуқини олишни истаган фуқаролар ва маҳаллий ҳокимлик, мутасадди ташкилотлар орасида турли низолар ва тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани бор гап.

Kun.uz таҳририятига ҳам айнан шу мазмундаги мурожаатлар кўплаб келмоқда. Шундай мурожаатларнинг навбатдагиси Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги «А.Қурбонов» маҳалласи аҳолисидан келди.

Маҳалладаги 20та хонадонда яшаётган аҳоли айни вақтда туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний қурилган деб топилган уй-жойларига эгалик ҳуқуқи берилмаётганидан шикоят қилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Жомбой туманида бўлиб, маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашдик.

«Бир неча йиллардан буён биз яшаб келаётган «Беруний» кўчасидаги 20 хонадонга ноқонуний қурилганлик важи билан эгалик ҳуқуқи берилмай келинмоқда. Президентимиз фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида хонадонларга эгалик ҳуқуқи сўраб, туман давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилдик. Лекин мазкур уй-жойлар жойлашган ҳудуд туман бош режасига асосан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳудудида жойлашганлиги ҳамда ушбу ер майдонлари уй-жой қурилиши учун мўлжалланмагани учун эгалик ҳуқуқи берилмаяпти. Аммо биз ўзимизча ерни эгаллаб олмаганмиз ва ўзбошимчалик билан ҳам уй қурмаганмиз. Бу ерларни 2010-2011йилларда аввалги тумани ҳокими вақтида олганмиз. Ер ажратишда қатнашган ҳокимлик вакиллари ҳаммамизга ҳоким қарорини олиб келиб беришни ваъда қилишди. Туман ҳокими ишдан бўшаб кетди. Эшитишимизча, ноқонуний ишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо бизда нима айб? Ер берилди, уй қуриб яшаб келмоқдамиз. Ҳозирги туман раҳбарияти эгалик ҳуқуқи беришни истамаяпти. Ахир, йигирмата хонадонда яшаётган 100дан ортиқ киши қаерга боради, айрим мансабдор шахсларнинг ноқонуний ишлари деб, уй-жойсиз қолиб, жабр кўриб қолаверамизми?