Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин: 
 
5-банднинг (Фермер хўжалигига бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами ҳар бир шартли бош чорва молига ҳисобланганда) учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда – камида 0,30 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,5 гектарни);

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги суғориладиган ерларда – камида
0,45 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,6 гектарни);”.

7-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар, шунингдек, ер майдонидан самарали фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини йилдан-йилга яхшилаб келаётган, сув тежовчи технологияларни жорий қилаётган ва келгусида жорий қилиш вазифаларини ўз зиммасига оладиган талабгорлар, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқаролар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар.”.

7-1-бандда:

а) қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилади:

“ер майдонидан самарали фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган;”;

б) иккинчи ва бешинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисобланади.

15-банднинг (Туман ҳокими аризаларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади) еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради.”.

16-банд чиқариб ташланади.

33-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“33. Ер участкасини ижарага бериш шартномаси туман ҳокими ва фермер хўжалиги бошлиғи томонидан имзоланади.”.

39-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“39. Ерларни ижарага беришни расмийлаштириш ишлари тугаллангач
ер тузиш йиғмажилди тайёрланади, унда қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлади:

фуқаронинг фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисидаги аризаси;

ер эгасининг ёки ердан фойдаланувчининг ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарори;

ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг ер участкасини ижарага беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси ёки мазкур комиссия томонидан ўтказилган танлов якунлари тўғрисидаги протокол;

туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосаси;

Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарори;

ер участкасини ижарага бериш шартномаси;

фермер хўжалигининг бизнес-режаси ёки фаолият дастури;

фермер хўжалигининг ер участкаси чегараларини кўрсатиш далолатномаси.”.

42-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“42. Туман ҳокимининг ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарорлари устидан судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиш мумкин.”.