Жаҳон | 00:46 / 03.04.2019
9504
2 дақиқада ўқилади

Жазоир президенти истеъфога чиқди

Фото: Александр Щербак/ТАСС

Жазоир президенти Абдулазиз Бутафлиқа 2 апрель куни лавозимидан кетишини эълон қилди. Бу ҳақда Algerie presse service агентлиги хабар берди. 

“Президент Абдулазиз Бутафлиқа давлат раҳбари сифатидаги ваколатларини тўхтатиши ҳақида конституциявий кенгаш президентини расман хабардор қилди”, дейилган президент маъмурияти баёнотида. 

Аввалроқ 2 апрелда Жазоир армияси қўмондонлиги учрашувидан кейин мудофаа вазири ўринбосари, Миллий халқ армияси штаб бошлиғи Аҳмад Гайд Салоҳ президентнинг ўз лавозимидан конституциявий озод этилиши жараёни зудлик билан бошланганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, армия 82 ёшли Бутафлиқани конституциянинг 102-моддасига биноан ўз лавозимидан озод қилиш жараёнини зудлик билан бошлашга буйруқ берган.     

Ушбу моддага кўра, амалдаги президентнинг “оғир ва узоқ давом этувчи касаллиги” ҳолатида конституциявий кенгаш давлат раҳбарини лаёқатсиз деб топади. Президент кенгашга ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақида маълум қилиши керак бўлади. Шундан кейин парламент йиғилиши ўтказилиб, унда вақтинчалик давлат раҳбари тайинланиши лозим.

Бу ҳолатда Жазоирнинг вақтинчалик президенти парламентнинг юқори палатасига бошчилик қилаётган 77 ёшли Абдулқодир Бинсалоҳ бўлади.

Бутафлиқа Жазоир президенти лавозимини 1999 йил апрелидан эгаллаб келган.

Мавзуга оид