Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселекторда белгиланган устувор вазифалар ижросига бағишланган навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда ДСҚ марказий аппарати шахсий таркиби ва пойтахтдаги туман инспекциялари раҳбарлари, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва туман ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этди.

Маълумки, президент бюджет даромадлари прогнозини бажармаган Тошкент шаҳрининг еттита тумани инспекциялари раҳбарлари ишини кескин танқид қилган эди.

Таъкидланганидек, солиқ тўловчилар Тошкент шаҳар солиқ органларининг иши ва хатти-ҳаракатларидаги ижобий ўзгаришларни ҳали сезмаяпти. Солиқ қонунчилигига риоя этиш бўйича профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларини амалга ошириш ўрнига, айрим ходимлар қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга солиқ тўловларини тўламасликнинг айланма йўлларини таклиф қилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан фаолияти танқид қилинган Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Сергели, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманлари инспекциялари бошлиқларининг ўз лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи эълон қилинди.

Йиғилишда Тошкент шаҳри давлат солиқ хизмати органларининг ходимлар таркибини зудлик билан қайта кўриб чиқиш, уларнинг лавозимига лаёқатлилиги даражасини баҳолаш, хизмат ваколатидан четга чиққан ҳолатлар аниқланган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурлиги қайд этилди.

Айнан бу йўналишда иш олиб бориш учун махсус ишчи комиссияси тузилиб, тизимга замонавий дунёқарашга эга, ўз ишига масъулиятли ёш мутахассисларни жалб қилиш вазифа қилиб қўйилди. Солиқ органларига ошкора танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар учун касбий кўникмаларга эга бўлишларига махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда, камерал назорати, хронометраж кўздан кечириш, паспортлаштириш, экспресс-ўрганиш каби солиқ назорати усулларини самарасиз фойдаланилаётганлиги, жумладан, кунлик нақд пул тушумига эга автотураргоҳлар, транспорт хизмати кўрсатиш муассасалари, йирик савдо комплексларини ижарага бериб, даромад олаётган мулк эгаларининг даромади солиққа тортилмаётганлигига жиддий эътироз билдирилиб, бу соҳаларда солиқларни йиғувчанлигини ошириш вазифалари белгилаб берилди, дейилади хабарда.