Атроф-муҳит, экология, санитария ва гигиена биз яшаётган даврда алоҳида эътиборга лойиқ мавзулар.
Kun.uz сайтида ўтган йил охирида Чиноз шаҳридаги канализация ва ичимлик сувлари бўйича танқидий мақола эълон қилинган эди. Ўшанда аҳоли вакиллари ўз шикоятларини билдиришган ва ҳокимият идорасида вазирлик, вилоят сувоқова ходимлари ҳолатни ўрганишга ваъдалар беришган эди.
Аммо бу ваъдалар ҳануз бажарилмай келаётгани маълум бўлди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Биз яна Чиноз да бўлиб, мурожаатчилар билан учрашдик. Уларнинг айтишича, «бирор жойда ҳатто чўп ҳам олиб қўйилмаган».
«Келиб кетганинглардан сўнг, ҳеч ким ҳеч иш қилмади. Чиноз аҳли ҳалиям шу сувлардан ичишга мажбур бўляпти. Машинаси борлар бошқа жойлардан сув олиб келяпти. Машинаси йўқлар шуни ичишга мажбур. Яна ваъдалар бериляпти. Апрелдан бошлашар эмиш. 2021 йилгача қилинар эмиш. Унгача аҳоли шу ҳолатда яшайверадими? Шунча ишлар қилиняпти. Шу қатори шу ерга 50-60 миллион сўм сарфланса аҳолига фойда бўладику? Нега бизнинг болаларимиз оқинди сув ичиш керак?! Қани ҳақиқат? Кимдир бунга чек қўйиши керак-ку? Сизларнинг олдингизда сўз беришди. Ўрганамиз дейишди. Бу ерга келишди-да, вазирга бориб айтамиз деб ортларига қайтиб кетишди. Ҳеч қандай иш қилинмади.

Бу ишларга аслида кўп харажат кетмайди. Одамлар жигари касал бўлиб ўлиб кетди, яна қанча одамга яралар тошиб кетди. Касалхонама-касалхона сарсон юришибди. Уйларнинг шифтларидаги металлар емирилиб кетяпти. Инсон нима бўлибди?! Ҳаммасини айтяпмиз.
Ўтган сафар бориб кўрган жойларингиздан болалар боғчаси тарафда ҳам ҳеч қандай иш қилинмаган», дейди мўйсафид.


















