Ўтган ойларда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби филиалининг абгор ҳолати ва ўқувчиларнинг оғир шароитда таълим олаётгани ҳақида маълумотлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Kun.uz таҳририятига ҳам шу мазмундаги мурожаат келганди. Таҳририят томонидан ушбу ҳолатни ўрганиш истаги билдирилганида, мурожаатчи бошқа интернет сайти масалани ўрганганини айтган, шу туфайли сайтда бу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб борилмаган эди. Аммо мурожаат Kun.uz’нинг Telegram’даги кундалик саҳифасида (@KundalikUZ) эълон қилинганди.

Бу мавзу Daryo.uz сайти мухбири томонидан ўрганилган. Март ойида нашр қилинган «Қашқадарёда 1972 йилда қурилган шийпон мактабда ўқиётган ўқувчилар илон ёки чаён чақишидан чўчимоқда» сарлавҳали биринчи мақолада мактаб филиалида кўп йиллардан буён ишлаб келаётган ўқитувчилар мавжуд аҳвол ҳақида маълумот беришганди.

Филиалда 12 йилдан буён ишлаб келаётган ўқитувчи Мўътабар Равшанова шундай деган: «Синфхоналаримизни ҳар йили таътил пайтида ўзимиз таъмирлаймиз. Лойсувоқ қилдирамиз, оҳаклаймиз. Барчаси ўз кучимиз ва маблағимиз эвазига бўлади. Баъзан уйдагиларга илтимос қиламиз, баъзан эса ойлигимиздан орттириб ишчи ёллаймиз. Синфхоналаримиз жуда тор ва ноқулай. Ёмғир ва қорли кунларда ҳатто синфхоналар ҳам лой бўлиб кетади. Ўқувчиларимиз оёғидан нам ўтмаслиги учун оёғи тагига тахта қўйиб ўтиришга мажбур бўлишади».

16 йилдан бери филиалда ишлаб келган бошқа бир ўқитувчи Чарос Назарова эса туман халқ таълими бошқармасидагилар вазиятдан хабардор бўлишсада, ўзгаришлар бўлмаётганини билдирганди: «2003 йилдан бери ушбу мактабда дарс бераман. Мутасаддилар келиб кўриб кетишган. Аммо ўзгариш йўқ. Лойгарчилик пайтида лойда юриб ҳам бўлмайди. Мактабга олиб келувчи йўлларнинг абгорлигини айтмасак ҳам бўлади. Ахийри халқ пул йиғиб қўлдан келганча мактаб ёнига келувчи кўчага шағал тўкди. Лекин синфхоналарга кириш жойи ва синфхоналарнинг ўзи эса абгор ҳолатда. Ҳолатдан туман халқ таълими бўлими мудири (туман халқ таълими бўлими мудири Рисолат Эшқобилова назарда тутилмоқда) яхшигина хабардор».