08:13 / 09.04.2019
10385

Лондон дербисида Азарнинг дубли эвазига ғалаба қозонган «Челси» 3-ўринга чиқиб олди

«Челси» АПЛнинг 33-турида «Вест Ҳэм»ни мағлуб этиб, 4 ой ичида илк марта жадвалнинг юқори учлигига қайта олди.

«Стемфорд Бриж»да кечган ўйинда мезбонлар вингери Эден Азар асосий қаҳрамонга айланди. Унинг 24- ва 90-дақиқалардаги голларига «Вест Ҳэм» жавоб қайтара олмади. Вингернинг дастлабки голига Рубен Лофтус-Чик узатма берган бўлса, иккинчисига Лофтус-Чикнинг ўрнига тушган Росс Баркли ассистентлик қилди.

Шу тариқа, «кўклар» очколари сонини 66тага етказиб, ўзларидан битта кам ўйин ўтказган ҳамшаҳарлари - «Тоттенҳэм»дан икки, «Арсенал»дан уч очкога ўзиб кетишди. Кечаги дербида ютқазган Лондоннинг бошқа бир клуби «Вест Ҳэм» эса 11-ўринда қолмоқда.

«Челси» АПЛдаги навбатдаги ўйинини 14 апрель, якшанба куни «Ливерпуль» майдонида ўтказади. Апрелда «аристократлар»ни «Бернли» (23 апрель) ва «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинлар (28 апрель) ҳам кутиб турибди. Шунингдек, Маурицио Сарри жамоаси 11 ва 18 апрель кунлари Европа лигаси чорак финалида «Славия»га қарши дастлаб сафарда, сўнг ўз майдонида ўйин ўтказади.

Англия чемпионати, 33-тур
Челси – Вест Ҳэм 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 24 Азар, 2:0 – 90 Азар.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Рюдигер, Давид Луиз, Эмерсон, Канте, Жоржиньо, Лофтус-Чик (Баркли, 70), Хадсон-Одои (Педро, 85), Игуаин (Жиру, 76), Азар.
Вест Ҳэм – Фабианьски, Фредерикс, Бальбуэна, Огбонна, Крессуэлл, Райс, Нобл (Обианг, 70), Арнаутович, Лансини, Фелипе Андерсон, Эрнандес (Снодграсс, 46).
Огоҳлантиришлар: Огбонна (11), Аспиликуэта (82), Аррисабалага (84).

Қайд этиш керак, Азар ушбу голлапри орқали чемпионатнинг ушбу мавсумидаги голлари сонини 16тага етказиб қўйди ва бу билан Премьер-лигадаги ўзининг энг яхши натижасини такрорлади. 2012 йилдан буён АПЛда ўйнаётган 28 ёшли бельгиялик 2016/17 мавсумида ҳам 16та гол муаллифи бўлганди.

Қолаверса, кечаги дубль Эденни «гол+пас» тизими бўйича Англия чемпионатининг жорий мавсумдаги етакчисига ҳам айлантирди. У 31та ўйинда 16та гол ва 12та ассист билан 28 очко тўплай олган. Бу борада Азар 26 очкога эга Серхио Агуэро, 25 очко тўплаган Муҳаммад Салоҳ ва 24 очко соҳиби Раҳим Стерлингни ортда қолдирмоқда.

Top