Ўзбекистон | 10:20 / 11.04.2019
9705
2 дақиқада ўқилади

Грузия банки Payme’нинг назорат пакетини 5,5 млн долларга сотиб олди 

Фото: smebanking.news

Грузиянинг TBC Bank’и Ўзбекистонда Payme бренди остида фаолият юритувчи «Inspired» МЧЖнинг 51 фоиз акцияларини 5,5 млн долларга сотиб олди. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди.

TBC Bank қолган 49% акцияларни эҳтимолий сотиб олиш тўғрисида битим ҳам тузди. Payme 10,8 млн долларга баҳоланди.

«Бу бизга мамлакатдаги катта мижозлар базасига дарҳол кириш ва Грузиядаги асосий рақамли афзалликларни ўзбек бозоридаги инновациялар учун қўллаш имконини беради», - деди TBC Bank раҳбари Вахтанг Буцхрикидзе.

Унинг сўзларига кўра, сервисни сотиб олиш Ўзбекистонда режалаштирилган кенгайишга қаратилган қадамдир.

Грузия банки хабарида қайд этилишича, ҳозирги менежерлар Payme’да қолади ва компания стратегиясини ишлаб чиқишни давом эттиради.

Payme Ўзбекистонда тўлов хизматлари кўрсатувчи етакчи операторлардан бири бўлиб, бугунги кунда 1,3 млн мижозга хизмат кўрсатмоқда. Грузия томони маълумотига кўра, ўтган йили Payme мижозлари сони 70 фоизга ошди, даромад ва соф фойда эса мос равишда 41,9 фоиз ҳамда 24,5 фоизга ўсди.

«2018 йил охирида Payme’нинг умумий активлари 700 минг АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, умумий даромад ва солиқлар тўлангунига қадар фойда мос равишда 1,6 млн доллар ҳамда 800 минг доллардан ошди», - дея таъкидлаб ўтишган TBC Bank’да.

Мавзуга оид