Бугун “Космонавтика куни”. Кўплаб мафкуравий байрамлардан фарқли равишда бу сана дунёнинг кўпчилик давлатларида нишонланади. Жумладан, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам бугун, 12 апрель куни ҳарбий оркестр ва жамоатчилик иштирокида коинотни забт этган илк инсон сифатида алқанувчи Юрий Гагарин ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Ибтидо
Инсоният ҳамиша самога тикилиб ўтган, узун тунлардаги юлдузлар жилоси минг йилларки одамларни сеҳрлаб келган. Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳам шоҳлиги билан эмас, айнан фалакиёт олими эканлиги билан тарихда ўчмас из қолдирди. Фан-техника инқилоби қайд этилган йигирманчи асрга келиб эса коинот орзусига эришиш истаги жуда кучайиб кетди ҳамда бунинг учун икки рақобатчи давлат – СССР ва АҚШ ўртасида мислсиз пойгага киришилди.
Аслида дастлабки қадамларда, бу жараён пойдеворида қуролланиш пойгаси ётарди. Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра АҚШ ихтиёрида даҳшатли қурол – атом бомбаси мавжудлиги ошкор қилинган ва бу бомба инсоният гарданида синаб ҳам кўрилганди. Нагасаки ва Хиросима фожиаси қурол гегемонлиги нуқтаи назаридан етакчини аниқлаб қўйгандек эди. Бунинг устига НАТОнинг каллакли рекеталари СССРнинг муҳим нуқталарига қадар учиб бора оладиган даражага етиб қолганди.
Ана шундай бир пайтда иттифоқ раҳбарияти Сергей Королёв бошлиқ гуруҳга ракеталарни такомиллаштириш бўйича топшириқ беради. Королёвнинг болаликдан орзуси коинотга ракета учириш эди ва бу бўйича урушга қадар ҳам лойиҳалар қилганди. Аммо ўттиз еттинчи йил катта террорида у ҳам панжара ортига равона бўлади ва фақат ҳунари туфайлигина жони омон қолади. Бу қамоқ самога оид тадқиқотларни бир неча йилга ортга суради. Урушдан кейин эса ундан асосий эътиборни ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга қаратиш талаб қилинади. Аммо Королёв ҳар икки томонни биргаликда олиб боради ва самога сунъий йўлдош учириш лойиҳасини илмий жиҳатдан асослаб беради. Бу лойиҳа АҚШдан ўзиб кетиш имконияти борлиги туфайли Никита Хрушчев томонидан қўллаб-қувватланади ва 1957 йилнинг 6 октябрида СССР илк сунъий йўлдошни учиришга муваффақ бўлади.
Бу хабар яшин тезлигида бутун дунёни айланиб чиқди, барча газеталар инсониятнинг бу ютуғи тўғрисида бонг урди. АҚШ томони эса “Спутник-1”ни ҳадик билан қарши олди. Улар ўз ҳудудининг самодан кузатилиши ва лозим бўлганда нишонга айланиб қолишидан хавотирланишарди. Аммо сунъий йўлдош оддийгина радиоузатиш қурилмаси билан жиҳозланганди холос.
















