Таҳририятдаги ҳамкасблар билан ҳафтада икки марта футбол ўйнаб турамиз. Яқинда «Бунёдкор» академиясига тегишли залда клубнинг ёшлар жамоаси билан бирга футбол ўйнадик. Шунда бир ҳамкасбимиз «Клубларнинг ёшлар жамоаси шунақа зўр ўйнаса, нега биз Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаймиз?», деб сўраб қолди ажабланиб. Ҳақли савол. Жавоб эса оддий: биз ўша талантли, зўр ўйнайдиган футболчиларни қадрлашни билмаймиз.
«Бунёдкор» футбол академияси кўчириб юборилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалганидан сўнг клуб раҳбарияти ва ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан боғланиб, масалага ойдинлик киритгандик. Клубдагилар академия кўчса, 800 дан ортиқ ўқувчи билан қаерга боришни билмасликларини айтишганди, ЎФА раҳбарияти эса академия ҳеч қаерга кўчирилмаслигини айтиб, бир қарашда масалага нуқта қўйганди.
Лекин биз бундай маълумотларга ҳам қониқмай, барчасини чуқурроқ ўрганишга қарор қилдик. Юқорида айтганимиз ёш «қалдирғочлар» билан футбол ўйнаганимиздан сўнг улардан шароитлар ҳақида сўрадик ва шундай жавоб олдик: «Иссиқ сув йўқ, совуқ сувда ювинамиз. Анчадан буён шу аҳвол. Кўпчилик шамоллаб ҳам бўлди...».

Шахсан мен учун ҳар икки томондаги мансабдорларнинг сўзидан кўра, тўп тепишни ҳаётининг энг муҳим қисми деб биладиган, футбол ўйнашдан тўймайдиган ёш болаларнинг фикри муҳимроқ. Чунки мансабдор шахс ўз фойдасига гапириши мумкиндир, аммо ёш бола алдамайди. У бор гапни гапиради. Юқорида айтганим ёш «қалдирғочлар» бир мартагина ютқазиб, мағлубиятни асабий муҳокама қилаётганини кўриб, уларда ҳалитдан ғолиблик руҳи, мағлубиятни ҳазм қила олмаслик характери шакллангани сезилди. Лекин мана шундай болалар яхшироқ ўйнаши учун қулайлик яратиш ўрнига бор шароитлар ҳам йўқ қилинмоқда.
Маълум бўлишича, қиш тугаганидан буён академия ҳудудида иссиқ сув йўқ. Бу шаҳарда кузатиладиган иссиқ сув узилиши билан боғлиқ ошиб борса бир ҳафта давом этадиган узилиш эмас, ёппасига узилиш! Ҳа, айнан шундай! Академияда сув ўз ҳудудидаги қозонхонада иситилади. Бироқ юқорида айтганимиздек қиш тугаганидан буён академия ҳудудида газ йўқ. «Бунёдкор» стадиони ҳудудига келган газни тақсимлаш ускунаси газни иккига бўлиб юборади. Бир томони стадионга, бир томони академияга кетади. Стадионда газ бор, лекин академияда йўқ! Чунки ўчириб қўйилган.

Дарвоқе, стадионни бежизга «Бунёдкор» деб атамадик. «Бунёдкор» клуби раҳбариятининг айтишича стадион ҳозирда «Миллий» деб аталаётган бўлса-да, арена юридик жиҳатдан ҳамон «Бунёдкор» клубига тегишли. Стадион номи ҳам ҳуқуқий жиҳатдан «Бунёдкор».




















