Ўзбекистон Украина шакарининг асосий харидори бўлишдан тўхтади. Бундан Украинанинг «Укрцукор» шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси маълумотлари дарак бермоқда.

Март ойида Украина 30,2 минг тонна шакар сотди. Асосий ҳажмлар Озарбойжон (17%) ва Тожикистонга (14%) етказиб берилди. Ўзбекистон ҳиссасига 13% тўғри келди. Таққослаш учун, 2018 йил март ойида Ўзбекистон Украинадан 23,5 минг тонна шакар импорт қилган. Бу мамлакат умумий шакар экспортининг 50%ини ташкил этади.

Февраль ойида Ўзбекистон, «Укрцукор» хабарига кўра, учта асосий харидор орасидан ҳам жой олмади - асосий ҳажмлар Озарбойжон (25%), Буюк Британия (18%), Қирғизистон ва Исроилга (13%дан) етказиб берилди.

Аввалроқ, шакар импорти бир неча баробарга тушиб кетгани маълум бўлганди. Январь-февраль ойларида мамлакат 18,3 миллион долларлик хорижий шакарни сотиб олди, бу 2018 йил январь-февраль ойидаги кўрсаткичга қараганда деярли 81 фоизга кам.